Линклар

Бир пикет ортидаги бир элак гаплар


Шайбон “Моҳият” газетаси бош муҳаррири Абдумажид Азимов имзоси билан Интернетда эълон қилинган мақолада 20 сентябрь куни Тошкентдаги АҚШ элчихонаси олдида уюштирилган пикет иштирокчилар ақли заиф болалар бўлгани таъкидланади.

Бош муҳаррир бу пикет аслида “Озод деҳқонлар” партияси томонидан уюштирилган бўлиб, унинг иштирокчилари, яъни ўзини “Шиддат” ҳаракати аъзосидек кўрсатган 14-15 ёшли болалар меҳрибонлик уйининг ақли заиф тарбияланувчилари эканини ёзар экан, бу ҳақда ўша болаларнинг ўзи айтганини билдирган.

“Озодлик” мухбири шу ўсмирлар ўқийдиган Тошкент матбаа коллежида бўлганида унинг раҳбарларидан бири сўнгги кунларда меҳмонлар кўпайиб қолгани, авваллари биров мўраламаган ўқув юрти бугун машҳур бўлиб кетганини айтди.

Пикетда қатнашган Равшан Зуфаровнинг сўзларига кўра, улар элчихона олдида бир неча дақиқа туриб кетаётганида милиция ходимлари томонидан ушланган. Милиционерлар улардан нимага чиққани, ким уюштиргани ҳақида сўраган.

Равшан пикетга чиққанларнинг ҳар бирига уч минг сўмдан ваъда қилингани, лекин ваъда бажарилмаганини билдирди. У бундай таклиф билдирган кишининг кимлигини эслай олмаслигини маълум қилди.

Пикет иштирокчиси Александр Кулаков эса пул ваъда қилган кишининг сочи қора, юзи чўтир бўлганини таъкидлади. Унинг айтишича, таклиф билдирилганда нега айнан АҚШ элчихонаси олдида плакат кўтариб туриш кераклиги ва уларда нималар ёзилгани ҳақида гапирилмаган. Улар элчихона рўпарасида плакатларни ёзганидан кейингина ундаги ёзувларга кўзи тушган.

Александр буютмачилар келган машинанинг давлат рақамини эслаб қолгани боис, кейинчалик милиция ходимлари уларни ҳибсга олганини билдирди. Унинг ўзи бу шахсларни аввал кўрмаган.

Демак, ўсмирларнинг ким кимдан қанча пул олгани, нима учун бу пикетни уюштириб, пулдан қанчаси уриб қолингани ҳақидаги гаплардан хабари йўқ. А.Азимов мақоласида эса гўёки буюртмачилардан бири “Озод деҳқонлар” партияси раҳбари Нигора Ҳидоятовадан 70 минг сўм олгани, пулнинг 50 минггини яшириб қолиб, қолганини акция уюштириш учун сарфлагани айтилади.

“Озодлик” мухбири билан суҳбатда А.Азимов бу гапларни, мақолада ёзилганидек, ўсмирлардан эшитмагани, аксинча, коллеж домлалари гапириб берганини билдирди. Коллеж домлалари эса бу воқеадан умуман хабари йўқлиги, барчасини фақат ўсмирлар билишини айтиб, ўзини четга олди.

Мақолада ёзилишича, буюртмачи “Озод деҳқонлар” партияси вакили Иброҳим Мирзажонов бўлган.

Партия раҳбари Нигора Ҳидоятова И.Мирзажоновни билиши ва бу йигит кўпдан бери партия офисига келиб туришини маълум қилди.

“Аммо унинг партияга алоқаси йўқ, шунчаки келиб турарди. У жуда яхши йигит ва мен уни ҳурмат қиламан. Аминманки, у бундай хунук ишга қўл урмайди. Назаримда бу навбатдаги ғаламислик бўлса керак. Иброҳим ҳозир 15 кунга қамаб қўйилган”, - деди Н.Ҳидоятова.

Н.Ҳидоятова “Шиддат”чиларни билмаслиги, пикетдан ҳам бехабар бўлганини айтди.

Таъкидлаш жоизки, на коллеж ўқувчи ва ўқитувчилари, на мақола муаллифи буюртмачилар ким томонидан ушлангани, бу воқеа юзасидан ким тергов олиб бораётгани борасида аниқ гап айта олгани йўқ.
XS
SM
MD
LG