Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 06:32

Талаба қиз пахтада кўзидан ажради


Лобар Сирдарё вилоятидаги Оқолтин туманида салкам бир ойдан буён пахта теримида иштирок этаётган Гулистон давлат университети талабаси Раъно Анорбоева яқинда бир кўзидан ажради.

Раъно университетнинг филология факультетида 2-курсда ўқийди. Барча курсдошлари қатори қарийб бир ойдирки, пахта тераётганди.

“Тунги 3 ларда дугонам билан ташқарига чиқдик. Қайтаётганимизда учта бола келаётган экан. Қочмоқчи эдик, бизнинг йўлимизни тўсиб, ўтказмади. Мен қочдим. Улар дугонамни ерга ётқизиб урди. Бақириб милиционерни чақирдим. Лекин у эшитмади. Болалар менга тош отган эди, кўзимга тегди”, - деди Раъно.

Раъно шифохонага келаётганда йўлда яна бир бахтсиз ҳодиса юз берганини таъкидлади. Унинг сўзларига қараганда, уни олиб кетаётган тез тиббий ёрдам машинаси йўлда ҳалокатга учраб, ағдарилиб кетган. Унга ҳеч нарса қилмаган, аммо икки ҳамширага шикаст етган. Кейин йўловчи машина уни шифохонага олиб борган.

Гулистон давлат университети ректори ўринбосари Равшан Маҳмудов Раъно Анорбоева билан боғлиқ ҳодисани “шунчаки бахтсиз тасодиф”, деб изоҳлади. У бундай ҳодисалар учун ўқитувчилар айбдор эмаслиги таъкидлади.

Пахта тераётган фарзандини кўргани келган Зулхумор Норбўтаеванинг билдиришича, талабаларга яратилган шароит жуда ёмон. Фарзанди бу ерда қаттиқ шамоллаб қолган.

“Болалар ерда ётибди. Ичкарида мол ётмайди. Ташқари эса мармар қилинган. Кўргазма учун бундай қилгунча, тахта пол қилинса бўларди. Боламни даволайман деб икки кундан буён югуриб юрибман”, - деди З.Норбўтаева.

З.Норбўтаева қизининг гайморит билан оғриётгани, аммо уни текширтириш ва даволатиш учун ўқитувчилардан 2 кундан буён жавоб ололмаётганини гапирди. Унинг айтишича, талабаларнинг кўпчилиги пахта терми мавсумида саломатлигини йўқотмоқда ёки Раъно сингари ногирон бўлиб қолмоқда.

Раъно эса кўзи ҳали кўришидан умид қиляпти. Шифокорлар эса унинг жароҳати оғирлиги, бундан кейин кўриши даргумонлигини билдиряпти.
XS
SM
MD
LG