Линклар

logo-print

Ш.Убайдуллаев: “Ўзбекистон дипломатияси жаҳолатга юз тутди”


Феруза АҚШ конгрессменлари Оқ уй маъмуриятини Ўзбекистон президенти Ислом Каримовни жиноят ишлари бўйича халқаро судга тортиш юзасидан барча чора-тадбирларни кўришга даъват қилмоқда.

Икки конгрессмен Андижондаги воқеаларда ҳалок бўлган юзлаб кишилар ҳаёти учун Ўзбекистон президенти жавобгар эканини даъво қилиб, уни судга тортиш юзасидан резолюция лойиҳасини Конгрессга тақдим этди.

Ўзбекистон президенти матбуот хизмати вакили Ҳошимжон Муродов мазкур масалага муносабат билдиришдан ўзини олиб қочди. Аввалига тушдан кейин гаплашишга рози бўлган Ҳ.Муродов тушдан кейин эртага гаплаша олиши, ҳозир тайёрланиши кераклигини айтиш билан чекланди.

Кузатувчи Шароф Убайдуллаев мавзу юзасидан фикр билдириб, дунёда ҳеч бир давлат якка ҳолда Ўзбекистонга нисбатан бундай ҳукм чиқаришга ҳаққи йўқлигини таъкидлади.

“У ёки бу давлатнинг якка ҳолдаги хулосалари БМТнинг фикри бўла олмайди”, - деди Ш.Убайдуллаев.

Сиёсатшунос Тошпўлат Йўлдошев эса конгрессменларнинг бу талаби тезда рўёбга чиқмаслиги, АҚШ ҳукумати уни узоқ вақт ўрганиб, кейин бир қарорга келишини билдирди.

Европа Иттифоқига аъзо давлатлар ташқи ишлар вазирлари учрашувида ҳам Ўзбекистонга нисбатан санкциялар қўллаш масаласи кўриб чиқилди. Бу жазо чоралари Ўзбекистонга қурол-яроғ сотишни ва давлат амалдорларига виза беришни тўхтатиш, баъзи кўринишдаги молиявий ёрдамларни қисқартиришни кўзда тутади.

“Эмбарго эълон қилиш сиёсий ва рамзий қарор. Аммо бу қарор Ғарб мамлакатларининг Ўзбекистон билан алоқалари анча пасайишига олиб келади. Бу эса Ўзбекистон иқтисодига катта таъсир кўрсатади. Шунга қарамай, Ғарб давлатлари Ўзбекистон билан музокара эшикларини беркитаётгани йўқ. Бунинг сабаби Ўзбекистонда фақат ҳукумат эмас, халқ ҳам борлигидир”, - деди Т.Йўлдошев ЕИ санкциялари масаласида фикр билдириб.

Ш.Убайдуллаевнинг таъкидлашича, Ўзбекистон дипломатия мушоҳадасини жаҳолатга алмаштирди.

“Андижон воқеаларини келтириб чиқаришда бош-қош бўлганлар, бу ҳодисалар замиридаги жуда оғир қисматларни кўра билмаганлар, турли ҳайбаракаллачилар бунга сабабчидир. Ҳукумат раҳбарлари атрофида ярамас маслаҳатлари билан ялтоқланадиган маслаҳатчилар асосий айбдорлардир”, - деди кузатувчи.

Ш.Убайдуллаевнинг таъкидлашича, ЕИ санкциялари Ўзбекистоннинг дунё ҳамжамияти билан ўта жиддий муносабатлар палласига кирганини англатади.
XS
SM
MD
LG