Линклар

Марказий нашрлар шарҳи


Дилнаво

“Ҳуррият” газетасининг 28 сентябрь сонида Юнус Бўроновнинг “Бемаврид янграган чақириқ” сарлавҳали мақоласи чоп этилди. Ғарб сиёсатдонларини огоҳликка чақирган муаллиф бундай ёзади: “Муҳтарам сиёсатдонлар, террорчилар хатти-ҳаракатларини оқлаб, бу ҳам етмагандай, уларга бошпана бериш яқин келажакда қандай оқибатларга олиб келишини тасаввур қилишга ўткир фаҳм-фаросат керак эмас. Агар бундай икки хил стандарт сиёсатидан воз кечмас экансиз, 11 сентябрь воқеалари ва Европанинг қоқ марказида содир этилган Мадрид ва Лондон фожеалари яна қайтарилиш эҳтимоли ҳақиқатга яқинроқ”.


“Қишлоқ ҳаёти” газетасининг 30 сентябрь сонида Қўчқор Норқобилнинг “Хавфли ғоялар кўланкаси” сарлавҳали мақоласи эълон қилинди. Мақолада Ўзбекистоннинг бошқа мамлакатлар билан ўзаро ҳамкорлиги хорижий мухбирлар томонидан нотўғри баҳоланаётгани, яъни хорижий ОАВ гўёки давлатларни бир-бирига гиж-гижлашга, орага совуқлик солишга уринаётгани таъкидланади: “Фориш полигонида Ўзбекистон ва Россия Қуролли кучларининг қўшма антитеррор тактик машқлари ўтказилишини ҳам “Андижон воқеалари”га буришни ҳеч бир тайин-тутимли гап деб бўлмайди, чунки айрим жаноблар ўйлагани каби бу ҳолатдан тирноқ остидан кир қидириш, яна ўша жон талвасасидаги алаҳсирашни ёдга солади. Бу ҳам етмагандай баъзи бир “хорижона хабарлар” орқали кейинги пайтларда Ғарбдаги ҳамкор давлатлар билан алоқаси ҳаддан зиёд ёмонлашаётгани ҳақида сафсата сотилмоқда”.


Ортда қолган ҳафтада журналист Юнус Бўроновнинг фаоллиги анча билинди. “Халқ сўзи” газетасининг 23 ва 30 сентябрь кунги сонларида унинг “Холис журналистлар” ҳамда “Кўрсатма расмий айблов эмас” сарлавҳали мақолалари чоп қилинди. Биринчи мақолада журналист Андижон воқеаларини ва бунда иштирок этишда айбланаётганлар устидан олиб борилаётган суд жараёнини ёритишда хорижий ОАВ вакиллари нохолисликка йўл қўяётгани ҳақида тўхталиб, қуйидагича хулоса ясайди: “Мен чет эллик ҳамкасбларимга жуда ачиняпман. Уларнинг тўрт ойдан буён Андижон воқеалари юзасидан тўқиб келган ёлғонлари болаларга айтиладиган чўпчакка айланиб бормоқда. Чунки “тинч намойишчи”лар қурол билан бегуноҳ одамларни қонга ботирганини тан олишиб ўтиришибди”.

Кейинги мақоласида Ю.Бўронов судланувчилардан бирининг кўрсатмаси хусусида расмий Тошкент номидан изоҳ билдиради. Унинг ёзишича: “Андижон воқеаларини Америка молиялаштирди, деган гап Ўзбекистон ҳукумати томонидан расмий эълон қилинган эмас. Қолаверса, Таваккалбек Ҳожиевга нисбатан тайёрланган тергов натижалари асосидаги айблов хулосасида ҳам бу ҳақда бирорта гап йўқ. Демак айбланувчининг бу кўрсатмаси ўз тасдиғини топмаган ва айблов хулосасига киритилмаган. Йўқса ушбу айблов бундан анча илгари ошкор этилган бўларди”.


“Ўзбекистон овози” газетасининг 27 сентябрь сонида чоп этилган “Тавба-тазарру ва шубҳалар васвасаси” сарлавҳали мақолада Сафар Остонов судланувчиларнинг ўз айбларига иқрор бўлиши ҳеч қандай тазйиқ натижаси эмаслигини исботлашга уринади: “Би-би-си” ва “Озодлик” радиолари эшиттиришларида “айбланувчилар айбларига иқрор бўлишди, чунки уларга тазйиқ ўтказилган”, деган мантиққа зид даъволар билан чиқишлар кўпаймоқда. Олдинига террорчиларни “диндорлар”, “тадбиркорлар”, “тинч намойишчилар” деб жар солишди. Энди эса судланувчилар ўз айбларини бўйинларига ола бошлашгач, “демократ”лар яна янги дийдиёни бошлашди. Гўё айбланувчилар тергов пайтида қийноққа солинган. Қизиқ, на иссиққа, на совуққа кўнишади булар”.
XS
SM
MD
LG