Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 23:53

Абдуғофир Дадабоев ҳисбга олинди


Феруза “Эзгулик” инсон ҳуқуқлари жамияти Андижон вилояти бўлими раҳбари Абдуғофир Дадабоев Ўзбекистон-Қирғизистон чегарасини ноқонуний кесиб ўтишда айбланиб, ҳибсга олинди.

Оила аъзолари А.Дадабоевни 20 сентябрдан буён кўргани йўқ. У Қирғизистоннинг Ўш вилоятидаги олий ўқув юртларидан бирига ўқишга қабул қилинган кенжа қизининг контракт пулини тўлаш учун уйдан чиқиб кетганча қайтиб келмаган.

Ҳуқуқ ҳимоячисининг катта қизи Одина отасининг қамалгани ҳақида нега эндигина маълум қилинаётгани сабабларини тушунтириб берди. Унинг таъкидлашича, Андижон вилояти миллий хавфсизлик бошқармаси ходимлари А.Дадабоевнинг ҳибсга олингани ҳақида ҳеч кимга овоза қилинмаса, у уч кун ичида уйига қайтишини ваъда қилган. Шунинг учун оила аъзолари бу ҳақда шу вақтгача жим юрган. Отасини уч кунда қўйворишни ваъда қилган МХХ ходимлари ундан ва синглисидан қандайдир компьютер ҳақида тинимсиз сўрамоқда.

“Агар компьютерни олиб келиб берсак, отам чиқиб кетишини ваъда қилишяпти. Бизнинг уйда ҳеч қачон компьютер бўлмаган. Қанақа компьютерни сўраётганларини билмаймиз биз”, - деди Одина.

Адвокат Руҳиддин Комилов А.Дадабоевга нисбатан қайси айб билан жиноят иши очилгани ҳақида шу пайтгача маълумот ололмаётганини билдирди. Унинг сўзларига кўра, 28-29 сентябрь кунлари мижози билан учрашишга бориб, уни кўра олмай қайтган.

“А.Дадабоевга фақатгина чегарани бузгани учун айб қўйилмаётганига ишончим ортиб боряпти. Чунки у билан учрашишим турли баҳоналар билан орқага суриб келиняпти”, - деди адвокат.

А.Дадабоевнинг қизи Одина отасининг қон босими ва қандли диабет касаллиги билан оғригани сабабли доимий равишда тиббий муолажага муҳтож эканини маълум қилди. Унинг айтишича, отаси қўлга олинган вақтда Марҳаматда дори беришган, лекин ҳозир унга ҳеч қандай дори-дармон берилаётгани йўқ.

“Отам йигирманчида шифохонага ётиб даволаниши керак эди. Аям ҳам қандли диабет билан оғриган. Ҳозир унинг қанди меъёрдагидан ошиб кетган. Даволай десак, пул йўқ. Синглимнинг ҳам ўқиши қолиб кетди”, - деди Одина.

А.Дадабоев бир ой муқаддам “Эзгулик” жамиятининг Андижон вилояти бўлими раҳбарлигига сайланган эди. Ягона боқувчисидан ажралган Дадабоевнинг 9 жондан иборат оиласи ҳозир жуда оғир иқтисодий ва маънавий-руҳий тушкунликка тушиб қолган.
XS
SM
MD
LG