Линклар

Суднинг ўн биринчи куни: Одамлар майдонга эркин кириб-чиқиб юрган

  • Садриддин Ашур

Тошкентда Андижон воқеаларида айбланаётган фуқаролар устидан ўтказилаётган суд жараёнининг 4 октябрь кунги мажлисида жабрланувчилар кўрсатмаларини эшитиш тугади ва гувоҳларни тинглаш бошланди.

Жабрланувчи, 55159-ҳарбий қисм аскари Шерзод Қурбоновнинг кўрсатмасига кўра, улар олти киши бўлиб келаётган “УАЗ” автомашинаси вилоят ҳокимлиги биноси олдида акрамийлар томонидан ўққа тутилган. Гуруҳ раҳбари Усмонов ўша ерда ҳалок бўлган. Бошқалар эса яраланган.

“Мени халқни отганликда айблашди. Майдонда халқ турганди, уларга яхши кўринишни хоҳлади-да”, - деди Ш.Қурбонов.

Унинг айтишича, улар ярадор бўлгандан сўнг автомашиналарда шифохонага олиб кетилган.

Ш.Қурбонов ҳокимлик биноси олдида одам кўплиги учун ким ва қаердан отаётганини билиб бўлмаганини таъкидлади.

Вилоят ҳокимлиги биноси комендантининг ўғли Носиржон Аннақулов отаси қийноқлар оқибатида ҳалок бўлганини билдирди.

“(Отамнинг) чап қўл бош бармоғи кесиб олинган. Қўлларида ҳам пичоқ излари бор. Баданига, қўлларига, бетларига сигарет босилган. Бошининг орқаси, қовоқлари йиртилиб кетган. Биқинининг орқа томонида ўқ изи бор экан”, - деди Н.Аннақулов.

Жабрланувчилар ва уларнинг вакилларини эшитиш тугагандан сўнг суд Андижон воқеалари гувоҳларини тинглашга ўтди.

Машъум воқеалар рўй берган Чўлпон шоҳкўчасида яшовчи Гулнора Ҳамидованинг сўзларига кўра, эрталабдан қуролланган шахслар аҳолини ҳокимлик биноси олдига боришга ундаган.

Судланувчи Таваккал Ҳожиевнинг адвокати Гулмира Бобожонова Г.Ҳамидовадан тергов жараёнидаги кўрсатмасида отилган ўқдан 5-6 одам яраланиб ёки ўлиб йиқилганини кўргани тўғрисида айтган гапларини тасдиқлаш-тасдиқламаслигини сўради. Гувоҳ эса кўрмаганини билдирди.

Гувоҳларнинг деярли барчаси ҳокимлик биносида олдида тўпланганлар акрамийларнинг қариндош-уруғлари бўлгани ҳақида кўрсатма берди. Аммо баъзи гувоҳлар у ерда ҳаддан ташқари кўп одам йиғилганини айтди.

“Эрталаб 10-11 лар чамасида биз (майдондан) кетаётганимизда бирорта халқ келаётгани йўқ эди. Биз кетгандан кейин булар (акрамийлар) кирган бирор кишини қайтариб чиқармаган”, - деди гувоҳ Абдуллажон Юсупов.

Гувоҳларнинг аксарияти деярли бир хил гапни айтди, яъни майдонга келаётганлар учун йўл очиқ бўлган, бироқ халқнинг майдондан чиқишига йўл қўйилмаган.

Аммо гувоҳ Дилшодбек Мамажонов майдонга биров киргани ёки чиқиб кетаётгани кўрмагани, кирадиганлар кириб бўлганини кўрганини айтди. Унинг сўзларига кўра, биров бировни мажбур қилиб майдонга олиб кирмаган. Одамлар майдонга эркин кириб-чиқиб юрган. У ерда одам шу даражада кўп бўлганки, киришга ҳам жой бўлмаган.

“Майдонда сўзга чиққанлар ҳукумат эплаб сиёсат юрита олмаётгани, шифохоналарда пора сўралаётгани, солиқ катталиги ҳақида гапираётган эди”, - деди Д.Мамажонов.

Аммо гувоҳ Муҳаммадали Аҳмадалиев Д.Мамажоновнинг баъзи айтган гапларини инкор қилди. У майдондан чиқиб кетишга рухсат берилмагани, ҳатто кетмоқчи бўлганлар отилганини таъкидлади.

М.Аҳмадалиевнинг майдондан чиқиб кетаётган бир аёл ва бир эркак шу ернинг ўзида отиб ташлангани ҳақидаги гапларини шу пайтгача судда кўрсатма берганларнинг бирортаси айтмаган эди.

Суд раиси навбатдаги гувоҳ Ориф Абдуллаевни чақирганида, у негадир ҳамма кирадиган жойдан эмас, балки орқа эшикдан милиция назоратида кириб келди. Маълум бўлишича, у Андижон воқеаларига алоқадорликда айбланиб, 30 май куни ҳибсга олинган бўлиб, мазкур суд мажлисида гувоҳ сифатида қатнашаётган экан.

О.Абдуллаевнинг кўрсатмаси шов-шувли бўлди. У Андижондаги Бобур номидаги театрга ўзи ўт қўйганини бемалол тан олди-қўйди.

“Мен ишлаган корхонамиз директори Бахтиёр Турдиевни учратиб қолдим. У театрни ёқиб ташлашни буюрди. Сабабини сўрасам, одам тўплаш осон бўлишини айтди. Кейин менга нотаниш бўлган икки биродаримиз қора пакетда ичига бензин тўлдирилиб, оғзи латта билан беркитилган учта бутилка кўтариб келди ва бирини менга берди. Театр эшигидан кириб, фойе орқали томошабинлар залига ўтдик. Ўриндиқларга бензин сепиб, ёқдик ва дарҳол бинодан чиқиб кетдик”, - деди О.Абдуллаев.

Ҳибсда сақланаётган яна бир гувоҳ Иброҳим Исмоилов акрамийлар ташкил этган пикетларда қатнашгани, 10 май куни Андижон туманидаги Оқёғ маҳалласида милиция ходимларини калтаклашда иштирок этгани, милиционерлардан бирининг қўл-оёғини боғлаб, ариққа ташлаб юборганини гапирди.

Ўтган кунги суд мажлисида қўл-оёғи боғланиб, ариққа ташлангани ҳақида кўрсатма берган милиция ходими Жамшид Рўзиохунов адвокатнинг беҳуш ва боғланган ҳолатда қандай қилиб катта ариқдан тирик чиққани тўғрисидаги саволига мужмал жавоб қайтарган эди.

Шу жиноятни содир этганини тан олган гувоҳ И.Исмоилов милиция ходимининг оёқ-қўли ўз-ўзидан ечилиб кетиши мумкинмиди, деган саволга: “Ариқнинг оти ҳам “Ҳақиқат” экан, ҳақиқат рўёбга чиқиши учун (милиционер) тирик қолибди. Лекин қўли қаттиқ боғланган эди”, - дея жавоб қайтарди.

Ҳибсга олинган, мазкур суд мажлисига гувоҳ сифатида чақирилган бу шахсларнинг сўзларига кўра, уларнинг асосий мақсади тадбиркорлик билан шуғулланиш бўлмаган. Балки Фарғона водийсида аввал Андижон, сўнг эса Қирғизистоннинг Ўш, Тожикистоннинг Сўғд вилоятларини қамраб олган халифалик давлати тузиш бўлган.

Аввалги суд мажлисларида судланувчилар ҳам бу каби бир-бирига ўхшаш кўрсатмаларни берган эди.
XS
SM
MD
LG