Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 14:18

Қозоғистонлик ўзбеклар байрам қилди


Жанубий Қозоғистонда ўзбек тили, маданияти ва анъаналари куни нишонланди. Ўн беш йилдан буён анънавий равишда ўтказиб келинаётган бу тадбир шу ерлик ўзбекларнинг байрами ҳисобланади.

Бу йилги байрам Сайрам қишлоғида ўтказилди. Унда ўзбекона урф-одатлар саҳнавий кўринишда намойиш қилиниб, ўзбекча куй-қўшиқлар янгради.

“Одамларимизнинг юзларида табассум, лабида кулгу. Уларнинг юзидан нур ёғиб турибди. Бу эса халқимизнинг иқтисодий аҳволи яхшилигидан далолат беради”, - дейди ўзбек маданият маркази раиси Икром Акром ўғли.

Авваллари ўзбекларнинг байрами ҳар бир маҳаллада нишонланган бўлса, кейинчалик туман миқёсида ўтказиладиган бўлди. Ҳозир эса байрам вилоят миқёсига олиб чиқилган.

Байрамга Жанубий Қозоғистоннинг ўзбеклар яшайдиган ҳар бир қишлоғидан вакиллар келди. Шунингдек, ўзбекларни қутлаш учун казо-казо қозоқлар ҳм ташриф буюрди. Бу йилги байрамда ўзбекларни Сайрам тумани ҳокими Умрзоқ Амет ўғли қутлади. У ўз сўзида ўзбекларни “шикоятчи эмас”, деб айтди.

Аммо ҳоким озгина адашди. “Озодлик” мухбири қозоғистонлик ўзбеклар орасидан ҳам шикоят қиладиганларини топди.

“Кўриб турибсиз, яшашимиз яхши. Аммо иш топиш, юриш-туришда анча қийинчилик бор. Буни яширадиган жойи йўқ. Ўзбек мактабларида ўқувчилар совет давридан қолган дарсликлар бўйича ўқийди. Байрамга келган ҳар бир туман вакиллари ўз харажатини ўзи кўтариб келади. Шунинг учун бу байрам сиёсат учун қилинаётган кўзбўямачилик. Ўзбекистонда ҳам ҳар куни тўй бўлади. Халқнинг аҳволи эса қандай?! Ўзбекистонда ўзбек хўрлангани учун бу ерда ҳам хўрланяпти”, - деди қозоғистонлик ўзбеклар вакиллари.

Сайрам қишлоғида эрталабдан карнай-сурнай садолари остида бошланган байрам дастури кечгача давом этди.
XS
SM
MD
LG