Линклар

Қорабулоқда катта жанжал бўлди


Сайрам туманидаги Қорабулоқ қишлоғида маҳаллий ўзбеклар ва қозоқлар ўртасида можаро бўлди. Ўзаро келишмовчиликдан бошланган оддий жанжал аҳоли ўртасидаги тўқнашувга айланиб кетди.

Қорабулоқ ўзбеклар яшайдиган қишлоқ бўлиб, унда кафелар, кўнгилочар жойлар кўп. Атрофдаги қишлоқларда эса қозоқлар истиқомат қилади.

“Қозоқлар ҳам кафеларга келиб туради. Улар еб-ичиб, 1-2 марта пул тўламай кетган. Кейин ўзбеклар пулини тўлашни талаб қилган. Ўртада жанжал чиққан”, - деди воқеа гувоҳлари.

Уларнинг сўзларига кўра, жанжал икки кун давом этган. Биринчи куни калтакланган қозоқ йигитлари эртасига кўпчилик бўлиб Қорабулоққа келган. Уларнинг қанчалиги ҳақида аниқ маълумот йўқ. Баъзилар қозоқлар сони 20-30 нафар бўлганини айтмоқда.

Жанжал каттариб кетгандан кейин Чимкентдан милиция чақирилган. Қорабулоқда ўзбеклар ва қозоқлар ўртасида жанжал бўлаётганини эшитган қўшни қишлоқлардаги ўзбеклар ҳам тўполонга қўшилмоқчи бўлган. Аммо бундай қилмаган.

“Ўзбеклар бўлганимиз учун миллатдошларимиз ҳимоясига чиқмоқчи бўлган. Лекин тез кунда президент сайлови бўлиши, ўзбеклар шу пайтга жанжал кўтарса, уят бўлишини ўйлаб, фикримиздан қайтдик. Чунки ўзбеклар Нурсултон Назарбоевни ҳақиқий қўллайдиган йигитлар”, - деди Манкет қишлоғилик ўзбек йигити.

Қорабулоқликларнинг айтишича, бундай кўринишдаги жанжаллар доимий равишда бўлиб туради. Фақат одатда уларда 2-3 ёки 4-5 киши қатнашади.

Қишлоқ оқсоқоллари бу воқеани ошкор этишни шарт эмас, деб ҳисоблайди. Улар йигитлар маст бўлгани, мастликда ҳар қандай номаъқулликлар бўлишини айтмоқда.

“Қозоқлар аслида бағрикенг халқ. Аммо қозоқ зиёлилари халқининг миллийлигини уйғотишни шунчалик ўтказиб юбордики, бугунги кунда кўпчилик қозоқлар миллатчи бўлиб кетди”, - дейди ўзаро жанжаллар бўлиб туриш сабаблари ҳақида тўхталган ўзбеклардан бири.
XS
SM
MD
LG