Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 14:28

Чимкентда автоҳалокат кўпаймоқда


Озодбек Сўнгги пайтларда Жанубий Қозоғистон вилоятида йўл ҳаракати қоидаларини бузиш ҳолатлари кўпайиб бормоқда. Айниқса, Чимкент шаҳрида йўл-транспорт ҳодисалари кўплаб содир бўлаётгани кузатиляпти.

Жанубий Қозоғистон вилояти йўл полицияси департаменти бошлиғи Омонқул Қосимбековнинг “Озодлик” мухбирига айтишича, 2005 йилнинг ўтган 9 ойи мобайнида вилоятда 1780 та йўл-транспорт ҳодисаси рўйхатга олинган. Бунинг натижасида 350 одам ҳалок бўлган, 2226 киши турли даражада жароҳатланган.

Қозоғистон бўйича ҳар йили тахминан 18-20 минг йўл-транспорт ҳодисаси содир этилади. Унинг натижасида 2-2,5 минг киши оламдан кўз юмади. Нуфуси 2,5 миллиондан зиёд Жанубий Қозоғистон вилояти йўл-транспорт ҳодисалари содир бўлиши жиҳатдан Олмаота вилоятидан кейин иккинчи ўринда туради.

О.Қосимбековнинг сўзларига кўра, йўл-транспорт ҳодисалари кўпаяётганига ҳайдовчиларнинг йўл ҳаракати қоидаларига амал қилмаётгани, улар савияси сезиларли даражада пасайиб бораётгани билан боғлиқ. Кўпчилик ҳайдовчилик гувоҳномасини ноқонуний йўллар билан оляпти. Бундан ташқари, вилоятдаги йўллар талабга жавоб бермайди. Машиналар сони эса кўпайиб боряпти. 2000 йилда вилоятда 88 минг транспорт воситаси рўйхатга олинган бўлса, 2005 йилнинг 1 январига келиб улар сони 135 мингдан ошиб кетган. Сўнгги 8 ойда 20 мингдан ортиқ транспорт воситаси рўйхатга олинган.

2006 йилдан Қозоғистонда автомобиль йўллари ҳолатини яхшилаш бўйича йирик лойиҳалар амалга оширилиши режалаштириляпти. Мамлакат раҳбари Нурсултон Назарбоев келгуси йил “Йўллар йили” этиб белгиланганини маълум қилди.

О.Қосимқуловнинг таъкидлашича, Олмаота-Чимкент-Тошкент-Термез йўналишидаги трассани қайта таъмирлаш учун 2006 йилги давлат бюджетига катта маблағ киритилган.

“15 августдан 1 октябрга қадар мамлакатда "Бехатар йўл" профилактика тадбири ўтказилди. Тадбир мобайнида Қозоғистон бўйича ҳайдовчиларга 30 мингдан ортиқ маъмурий жазо қўлланилди. Биргина Чимкент шаҳрида тадбирнинг сўнгги уч кунида маст ҳолда транспорт воситасини бошқарган 52 киши ушланди”, - деди О.Қосимқулов.
XS
SM
MD
LG