Линклар

logo-print

Россия матбуоти Ўзбекистонга қўйилган санкция мавзусини кенг ёритяпти


Басира Европа Иттифоқи томонидан Ўзбекистонга нисбатан турли чекловлар эълон қилиниши Россия оммавий ахборот воситаларида ҳам кенг муҳокамага сабаб бўлиб, уларда турли мулоҳазалар билдириляпти.

“НТВ” телеканалининг янгиликлар дастурида айтилишича, ЕИ АҚШ кетидан Ўзбекистонга нисбатан санкция жорий этган. Санкция Ўзбекистонга қурол-аслаҳа ва ҳарбий техника сотишни, шунингдек, расмий Тошкент амалдорларининг ЕИ га аъзо давлатлар ҳудудига киришини тақиқлайди.

“Россияда инсон ҳуқуқлари” сайтида “Диктатурага қарши санкциялар” сарлавҳали мақола эълон қилинди. Мақолада “Ҳьюман райтс уотч” ташкилоти ЕИ қароридан мамнун бўлгани таъкидланади.

“Время новостей” газетасида Аркадий Дубновнинг “Путин Каримовни хафа қилдириб қўймайди” сарлавҳали мақоласи босилди. Унда Россия президенти Владимир Путин ўзининг туғилган кунини 6-7 октябрда Санкт-Петербургда ўтадиган Марказий Осиё ҳамкорлиги ташкилотига аъзо давлатлар раҳбарлари саммити билан қўшган ҳолда нишонлаши, унга Ўзбекистон президенти Ислом Каримов ҳам келиши кутилаётгани айтилади. А.Дубнов Путин “дўст” мамлакат раҳбарини (И.Каримовни) “хафа қилдириб” қўймаслигини киноя қилади.

“Красная звезда” газетаси “Жорж Буш ўзи учун янги Саддам Ҳусайнни топдими?” сарлавҳаси мақола эълон қилди. Унда америкалик сенаторлар Ўзбекистон президенти Ислом Каримовни Слободан Милошевич ёки Саддам Ҳусайн ўрнида кўришни истаётгани таъкидланади. Шу билан бирга, Ўзбекистон раҳбарини жиноят ишлари бўйича халқаро судга тортиш ҳаракатлари бошланганига урғу берилади.

“Коммерсант” газетасида санкция эълон қилинганидан фойдаланиб, Россия Ўзбекистонни ўзининг минтақадаги асосий геосиёсий ҳамкорига айлантириб олиши мумкинлиги айтилади. Газетада Россия бу вазиятдан Ўзбекистонни ўз йўриғига солишда фойдаланиши, И.Каримовнинг Москванинг айтганларига кўнмасдан бошқа иложи йўқлиги ёзилади.
XS
SM
MD
LG