Линклар

Чегарадан ўтиш машаққати қариндошлик муносабатларига путур етказяпти


Бугунги кунда Ўзбекистон-Қозоғистон чегарасидан ўтишда расман тўлов жорий этилмаган бўлса-да, мавжуд сунъий тўсиқлар аҳолига турли қийинчиликлар келтириб чиқармоқда.

35 ёшли Қундузой Мирзаалиева Тошкент вилоятининг Қуйичирчиқ туманидан Жанубий Қозоғистондаги Оқсувкент қишлоғига келин бўлиб тушган. Сўнгги вақтларда унинг Ўзбекистондаги қариндошларидан хабар олиши анча қийин бўлиб қолди.

“Илгари тез-тез бориб турардик. Ҳозир юрагим безиллаб туради. Божхонада икки соатлаб ушланиб қоламиз. Ойимни кўргани келаётганимни айтсам, чегарадагилар ойим борлиги (!) тўғрисида ҳужжат кўрсатишни талаб қилади. Уларнинг бундай баҳоналари кўп”, - дейди Қ.Мирзаалиева.

Жанубий Қозоғистондаги деярли ҳар бир ўзбек оиласининг Ўзбекистонда қариндошлари бор. Аммо чегара муаммолари қариндошлик муносабатларига тўсқинлик қиляпти.

Сайрамлик Абубакир Холхўжаевнинг фарзандлари Тошкент шаҳрида яшайди. Сайрам билан Тошкент ўртаси унчалик узоқ эмас, бироқ чегарада ўрнатилган постлардан ўтиш машаққати фарзандлари билан борди-келдини қийинлаштиряпти.

“Айниқса, Ўзбекистон чегарасидан ўтишга қийналиб кетаман. Туғишганларим Юнусободда туради. Қанийди икки президенти келишиб, чегараларни очиб қўйса, қариндошларимизникига эркин бориб келсак. Қозоғистонга арзим йўқ. Бу ерда мамлакатдан келган қозоқларга “оралман” сифатида паспорт ҳам берилади. Биз ўзбекмиз. Ўзбекистон ҳам юртимиз. Аммо у ерда бегоналардекмиз”, - деди А.Холхўжаев.

Сайрам туманидаги 94-мактаб директори ўринбосари Клара Расулқулованинг сўзларига қараганда, чегара муаммолари фақат қариндошлик ришталарига эмас, турли соҳа вакилларининг ўзаро тажриба алмашишига ҳам тўсиқ бўляпти. Бундан ташқари, авваллари даволаниш ёки дам олиш учун Ўзбекистонга борадиган қозоғистонлик ўзбеклар энди бошқа йўлларни излашга мажбур бўляпти.

Жанубий Қозоғистондаги ўзбек драма театри бош режиссёри Ҳамиджон Қулабдуллаевнинг таъкидлашича, ўзбекистонлик чегарачиларга пора бериб, ҳатто наркотик моддаларни ҳам олиб ўтиб кетиш мумкин. Уларга пул берилса бас, чегарадан бемалол ўтказиб юборади.

Ҳозир Ўзбекистон-Қозоғистон чегарасини кесиб ўтишга тўлов жорий этилмаган. Бу ердан фақат хизмат сафари юзасидан ёки қариндошлари жўнатган махсус телеграмма билан ўтиш мумкин.

Бошқа ҳолатларда ҳам чегарадан бемалол ўтиш мумкин. Бунинг учун пул бўлса кифоя. Тошкент яқинидаги “Ғишткўприк” чегара постида айланма йўллар орқали чегарадан ноқонуний ўтказиб қўйиш билан шуғулланадиган шахслар бор. Улар маълум миқдордаги пул эвазига чегаранинг ҳар икки томонига хоҳлаган одамни ёки юкни ўтказишга кафолат беради. Пост атрофидаги бетон деворда махсус тешик очилган бўлиб, унинг бир томонида қозоғистонлик, бошқа томонида ўзбекистонлик чегарачилар туради. Чегарачиларга пора бериб, тешикдан бемалол ўтаверасиз.
XS
SM
MD
LG