Линклар

Тадбиркорларга енгил бўлади…ми?


Феруза Бундан буён Ўзбекистонда микрофирмалар, кичик корхоналар ва фермер хўжаликларининг молия хўжалик фаолияти ҳар 4 йилда кўпи билан бир марта, бошқа тадбиркорлик субъектлариники эса ҳар уч йилда бир марта текширилади.

Ўзбекистон президентининг 6 октябрь куни эълон қилинган “Тадбиркорлик субъектларини текширишни янада қисқартириш ва унинг тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида шундай янги тартиб белгиланди.

Фармонга кўра, янги ташкил қилинган микрофирмалар, кичик корхоналар ва фермер хўжаликларининг молия хўжалик фаолияти улар рўйхатга олинган пайтдан бошлаб икки йил мобайнида режа асосида текширилмайди.

Шунингдек, фармонда барча вазирликлар, идоралар раҳбарлари, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимлиги назорат органларининг мансабдор шахслари тадбиркорлик субъектлари рухсатсиз текширилгани ва уларнинг хўжалик фаолиятига ноқонуний аралашилгани учун етказилган иқтисодий зарарнинг ўрни қопланган ҳолда жавобгарликка, ҳатто жиноий жавобгарликка тортилиши ҳақида огоҳлантирилган.

Айтиш керакки, мазкур ҳужжат Ўзбекистон президентининг тадбиркорлик субъектлари ҳақида жорий йил бошидан буён чиқарган бешинчи фармондир.

“Тадбиркор аёл” уюшмаси раҳбари Дилдора Алимбекова мазкур фармоннинг ўта долзарблигини таъкидлади. Унинг қўшимча қилишича, гарчи Ўзбекистонда эркин тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ҳақида кўплаб фармону қарорлар қабул қилинаётган бўлса-да, ҳали-ҳамон тадбиркорлар жойларда муаммоларга дуч келмоқда.

“Айрим жойларда солиқ ходимларининг таъмагирлиги сезилиб турибди. Масалан, Тошкент шаҳри солиқ хизмати кичик дорихонани текшириб, ҳамма ҳужжатлари тўғри бўлгани ҳолда минг сўмлик ортиқча танга чиққани учун тадбиркорни юз минимал ойлик иш ҳақи миқдорида жаримага тортган. Бу адолатга тўғри келмайди”, - деди Д.Алимбекова.

Тошкентнинг Чорсу буюм бозорида савдо қиладиган тадбиркорлар бу фармон қоғозда эмас, амалда ишлаши лозимлигини таъкидлади. Савдогарлар Андижон воқеаларидан кейин бозорларда текшир-текшир бирмунча камайганини ҳам қўшимча қилди.
XS
SM
MD
LG