Линклар

Пахтачиликдаги давлат монополиясидан ким манфаатдор?


Зикрилло Ишонч Ўзбекистонда йилига ўртача 3,5 миллион тонна пахта хомашёси тайёрланиб, ундан 1,5 миллион тоннага яқин тола олинади. Норасмий маълумотларга кўра, мамлакат пахтадан йилига тахминан 2 миллиард доллар даромад қилади.

Пахта етиштириш иқтисоднинг асосий тармоқларидан бири ҳисобланадиган Ўзбекистонда бу соҳа ҳали ҳам давлат монополиясидадир. Хўш, нега пахтачилик давлат монополиясидан чиқарилмаяпти?

Қишлоқ хўжалиги соҳаси мутахассиси Султон Холназаровнинг фикрича, Ўзбекистонда бой фермер ва деҳқонлар қатлами шаклланмагани, улар ташқи бозорга чиқиши қийинлиги сабабли пахтачилик монополиядан чиқа олмаяпти.

“10-20 гектар, борингки, 100 гектар пахта майдони бор фермернинг ташқи бозорга чиқишга қурби етмайди. Агар 1000 гектар ери бўлиб, иқтисоди бақувват бўлса, у маҳсулотини ташқи бозорда ўзи сотишга қурбли бўларди”, - деди С.Холназаров.

Унинг айтишича, Ўзбекистон деҳқонлари ташқи бозорда фаолият кўрсатишга ўрганмаган. Бу бозорни эгаллаш эса мушкул.

Тадбиркор Абдуманнон Холжўраевнинг таъкидлашича, деҳқон пахтанинг ғўзапоясидан тортиб, толасигача ўзи хўжайин эмас. Агар соҳа монополиядан чиқарилса, деҳқон ҳосилини давлатга сотмай қўяди. Чунки давлат маҳсулотни жаҳон бозоридаги нарх бўйича сотиб ололмайди. Раҳбарлар пахтачиликни монополиядан чиқаришдан манфаатдор эмас.

Эксперт Комил Тошкандийнинг билдиришича, Ўзбекистонда кейинги бир неча йил давомида етиштириладиган пахта фьючерс шартномалари асосида хорижий компанияларга сотиб бўлинган ва пуллари тўлаб қўйилган. Шунинг учун давлат соҳани монополиядан чиқара олмайди. Қолаверса, ўзбек деҳқонлари маҳсулотини хорижга сотишни ўрганмаганига давлатнинг ўзи айбдор.

Жамиятшунос Комрон Алиев пахтачилик стратегик соҳа экани, шу сабабли ҳукумат уни назоратда сақлаб туришини билдирди.
XS
SM
MD
LG