Линклар

Бўкада пахтакор талабалар ҳалок бўлди


Фирдавс Яқинда Тошкент вилоятининг Бўка туманидаги маиший хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежи талабаларини пахта термига олиб кетаётган “ПАЗ” русумли автобус ҳалокатга учради.

Бўкаликлардан бирининг айтишича, ҳалокатга автобусга ҳаддан ташқари кўп талаба миндирилгани сабаб бўлган. 20-30 киши сиғадиган автобусга 67 талаба чиқарилган. Автобус йўлда от аравага урилиб, ағдарилиб кетган.

Суҳбатдошнинг билдиришича, 20 сентябрь куни рўй берган ушбу ҳалокат оқибатида жуда кўп талаба жиддий жароҳатланган, баъзилари вафот этган.

“67 талабадан учтаси воқеа жойидаёқ оламдан ўтган. 22 таси реанимацияга ётқизилган. Ҳоким келиб, бундай воқеа рўй берганини яшириш мақсадида уларни шифохонадан чиқартириб юборган. Ота-оналар болаларини бошқа шифохоналарга жойлаштирган”, - деди суҳбатдош.

Суҳбатдош туман раҳбарлари бу маълумотлар ошкор бўлмаслиги учун жиддий ҳаракат қилаётгани, шунинг учун ўзини таништира олмаслигини билдирди.

Сизларга Тошкентдан телефон қиляпман. Бўкадан қилганимда, билиб қолиб, бир кун ҳам ишлатишмайди. Тинчлик беришмайди. Бу воқеа туфайли неча одам йиғлаб қолди. Шунинг учун шаҳарга келиб, бўлиб ўтган фожеадан хабардор қиляпман”, - деди суҳбатдош.

“Озодлик” мухбири воқеага ойдинлик киритиш мақсадида коллеж маъмуриятига қўнғироқ қилганида, ўзини ўқув бўлими раҳбари Зулқайнарова дея таништирган аёл барча ўқувчилар соғайиб, пахтага чиқиб кетганини билдирди. У фалокат туфайли ҳалок бўлган ўқувчилар ҳақида маълумот бера олмаслигини маълум қилди.

Бўка тумани милицияси ходимлари ҳам бу ҳақда маълумот берилмаслигини таъкидлади.
XS
SM
MD
LG