Линклар

logo-print

Суднинг ўн учинчи куни: Акрамийлар ароқхўр (!) бўлиб чиқди

  • Садриддин Ашур

Андижон вилояти ҳокимлигида сантехник бўлиб ишлаган Шукрулло Райимжонов бинони эгаллаб олган қуролли шахслардан ароқ ҳиди анқиб турганига гувоҳ бўлганини маълум қилди.

Тошкентда Андижон воқеаларида фаол иштирок этаётган айбланаётган 15 фуқаро устидан давом этаётган суд жараёнининг 6 октябрь кунги мажлисида жабрланувчи сифатида кўрсатма берган Ш.Райимжонов ҳокимлик биносини эгаллаган қуролли шахсларни намоз ўқимасликда, баъзи бирларини спиртли ичимликлар ва наркотик моддалар истеъмол қилишда айблади.

Ш.Райимжонов Чўлпон кўчасидаги юриш вақтида гаровдагилар сафида бўлганини билдирди.

“Орқа томондан қаттиқ отишма бўлди. Мен ўлганларнинг тагида қолиб кетдим. Ўнг оёғимнинг сонидан ўқ едим”, - деди жабрланувчи.

У ўқ орқа томондан отилганини айтса-да, ўзи ҳам орқа томонда бўлишига қарамай, устига олд томондаги кишилар (!) йиқилганини маълум қилди. Жабрланувчи орқадан отилган ўқ бетондан қайтиб, оёғининг олд томонига текканини таъкидлади.

Ш.Райимжонов гаровда бўлган пайтда акрамийлар унга жисмоний куч ишлатмагани, фақат қамаб қўйганини билдирди.

Андижондаги ҳарбий қисм хизматчиси Козим Ҳакимов ҳам гаровда бўлган. Унинг сўзларига кўра, хизмат таътилидан келаётганини айтганига қарамай, ушлаб олиниб, қаттиқ калтакланган. Гаровда Қирғизистон чегарасигача олиб борилган. Ўша ердаги бир отишма чоғида асирликдан қочишга муваффақ бўлган.

Яна бир ҳарбий хизматчи Ғуломжон Раҳимбоев вилоят миллий хавфсизлик бошқармаси олдида ярадор бўлганини гапирди. Ундан сал аввалроқ 44086-ҳарбий қисмга боргани ва акрамийларнинг у ердан қуролларни ташиб кетаётганига гувоҳ бўлганини айтди. Қизиғи шундаки, ҳарбийларни гаровга олишга ўч бўлган акрамийлар Ғ.Раҳимбоевга умуман индамаган.

Бу гап қизиқ туюлди шекилли, суд маслаҳатчиси ҳам ундан шунча нарсаларни қаерда туриб кўрганини сўради.

“Мен югуриб қисмнинг ичига кириб бордим. Уларнинг ҳаммаси қурол ташиш билан овора экан, менга аҳамият бермади”, - деди Ғ.Раҳимбоев.

Жабрланувчининг вакили сифатида кўрсатма берган Василахон Қипчоқованинг айтишича, эри ва қудаси келинини машинада шифохонага олиб келаётганида номаълум шахслар томонидан ўққа тутилган. Қудаси қизини туғруқхонадан олиб келаётганини айтиб бақирса ҳам отишаверган.

Жабрланувчи вакили Умаржон Муҳиддиновнинг кўрсатмасига кўра, 27 ёшли ўғли Умиджон вилоят ҳокимлиги биносининг олдига кетганича қайтиб келмаган. Ўғлини икки кун қидириб, ниҳоят ўликхонадан жасадини топган.

У.Муҳиддинов ўғлининг қотили ким эканини била олмаётганидан афсусда эканини гапирди.

Жабрланувчи вакили Муаззам Кенжаева эри 13 май воқеаларидан кейин 14 май куни эрталаб ўзининг “Нексия” машинасида уйидан чиқиб кетиб қайтиб келмаганини билдирди. 16 май куни машина ёқиб юборилган ҳолатда топилган. Эрини эса ҳамма жойдан қидириб, топа олмаган. Ўликхонада эса унинг кўйлаклари топилган.

“Эримнинг жасади Боғишамолдаги қабристонга кўмиб юборилган экан. Бир қизим, бир ўғлим етим қолди. 6 яшар қизим ҳар куни отасини сўрайди”, - деди М.Кенжаева.

У ҳам эрини ким ўлдирганини шу пайтгача билмайди.

Фуқаролик даъвогари сифатида Андижондаги Бобур номидаги драма театри директори Жавлон Тошхўжаев судда кўрсатма берди. Унинг сўзларига қараганда, Андижондаги фожеалар ҳақида 13 май куни эрталаб хориж радиоларидан эшитган ва майдонга келганида театр биноси ёниб ётганини кўрган.

“Ҳали андижонликлар бехабар бўлган пайтда Англияда туриб, “Би-Би-Си” радиоси бу воқеалар ҳақида бутун дунёга тарқатган. Хориж радиолари воқеаликни бузиб кўрсатди. Театрга милиционерлар ўт қўйгани ҳақида шармандаларча гап тарқатилди. Буларнинг ҳаммаси бўҳтон. Театрга ким ўт қўйгани, мени ким отиб ташламоқчи бўлганини шахсан кўрдим”, - деди Ж.Тошхўжаев.

Шу куни ҳарбий қисм, жазони ижро этиш муассасаси, патруль пост хизмати батальони ходимлари, фуқаролик даъвоси билан чиққан яна бир неча киши Андижон воқеаларида етказилган моддий зарарлар ҳақида судда кўрсатма берди.
XS
SM
MD
LG