Линклар

Ўзбекистон ЕИ санкциялари масаласида жим турибди


Шайбон Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари миллий маркази раҳбари Акмал Саидов БМТнинг Қочқинлар иши бўйича олий комиссарлиги ижроия қўмитасининг 56-сессиясида ушбу ташкилот фаолиятига қатъий эътироз билдирди.

“РИА новости” ахборот агентлиги тарқатган хабарда айтилишича, А.Саидов комиссарлик БМТ Хавфсизлик кенгаши резолюцияларига асосланиб, террорчилар томонидан қочқин мақомининг суиистеъмол қилиниши олдини олиши шартлигини таъкидлаган. Шу билан бирга, у Ўзбекистон андижонлик қочқинлар масаласида Қирғизистонга ҳеч қандай тазйиқ ўтказмагани, аксинча расмий Бишкекка комиссарлик томонидан босим кўрсатилаётганини билдирган.

Андижонлик 439 фуқаронинг қочқин мақоми остида Руминияга олиб чиқилиши борасида шу кўринишдаги эътироз Ўзбекистон Бош прокуратураси томонидан ҳам билдирилган эди.

А.Саидов Женевада БМТ шаънига айбловлар айтаётган бир пайтда АҚШ Давлат департаменти расмий вакили Шон Маккормак Ўзбекистондаги вазиятдан ташвиш билдириб, Европа Иттифоқи томонидан расмий Тошкентга нисбатан эълон қилинган жазо чоралари “ўта муҳим”лигини таъкидлади.

ЕИ эълон қилган санкциялар Ўзбекистоннинг Андижон воқеалари юзасидан мустақил халқаро текширув ўтказишига рухсат бермаганига жавоб бўлди. Ш.Маккормак бу масалада АҚШнинг позицияси ўзгармаганини маълум қилди.

Кўпчилик кузатувчиларнинг фикрича, ўтган ҳафтада Ўзбекистонга АҚШ Давлат департаменти вакилининг ташрифидан айрим масалаларда, жумладан, Андижон масаласида ҳам баъзи келишувларга эришишга сўнгги бор уриниб кўриш кўзланган.

Аммо АҚШ делегацияси ўз мақсадига тўлиқ ета олмади. Буни Ш.Маккормак ҳам тан олди.

“Андижонда юз берган воқеалар юзасидан тўлиқ келишувга эришилмади. АҚШ томонидан амалга ошириб келинаётган демократияни қўллаб-қувватлаш ва нодавлат ташкилотларига кўмак бериш масалалари юзасидан ҳам якдилликка эриша олмадик”, - деди Ш.Маккормак.

Мана шу самарасиз музокаралардан сўнг АҚШ Ўзбекистонга ажратилиши кўзланган молиявий ёрдамини тўхтатди.

Жорий қилинган санкциялар юзасидан расмий Тошкент ҳозирча ҳеч қандай муносабат билдиргани йўқ. Ўзбекистон расмий идораларидан бирида ишловчи ишончли манбанинг маълум қилишича, аслида айни санкциялар юзасидан махсус баёнот матни тайёрланган ва президент Каримов Малайзия сафаридан қайтиши биланоқ унга тақдим этилган. Бу баёнотнинг кейинги тақдири шундан кейин номаълум бўлиб қолмоқда.

Мустақил кузатувчи Алимардон Аннаев Ўзбекистон санкциялар юзасидан бирор баёнот беришига шубҳа билан қарамоқда. Унинг фикрича, расмий Тошкент расман баёнот бермайди, аммо мамлакатда ЕИ ва АҚШга қарши кенг кампания бошланади.

ЕИ жорий этилган санкциялар якуний эмаслиги, келажакда Европа банкларидаги Ўзбекистон ва унинг раҳбарларига тегишли молиявий захиралар музлатиб қўйилиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирган.
XS
SM
MD
LG