Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 11:31

Суднинг ўн тўртинчи куни: Акрамийлар гаровдаги ярадорларни шифохонага жўнатган


Андижон воқеаларида фаол иштирок этишда айбланаётган фуқаролар устидан давом этаётган суд жараёнининг 7 октябрь кунги мажлисида кўрсатма берган жабрланувчи ва гувоҳлар 13 май куни одамлар майдонга зўрлаб олиб келинганига урғу беришга ҳаракат қилди.

Андижон вилояти ички ишлар бошқармаси ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бошқармаси бошлиғи Абдумуталиб Эргашев иш жойида, патруль пост хизмати батальони биносининг 4-қаватида 12 май куни гаровга олинган. Унинг айтишича, вилоят ҳокимлиги биносида калтакланмаган. Аммо кечқурун гаровдагилар сафидан қочмоқчи бўлганида ушлаб олиниб, дўппосланган.

Адвокатларнинг кетма-кет саволларига жавоб берар экан, А.Эргашев ППХга ҳужум вақтида ёнида қуроли бўлмагани, доимий равишда қурол олиб юришга унда рухсат йўқлиги (!), хизмат гувоҳномасини ёнида олиб юрмай, сейфда сақлаши, ўша куни фуқаро кийимида бўлганини билдирди.

Гувоҳ, наманганлик уста Жаҳонгир Қорабоевнинг сўзларига кўра, 13 май куни эрталаб театр ёнига келганида қуролланган одамлар уни майдонга мажбурлаб олиб кирган.

Андижон вилоят ҳокимлиги навбатчиси Ҳабибулло Алиев ўша куни ҳокимлик омборхонасига кириб яшириниб олгани, кечки пайт омборхонадан чиққанида ушлаб олиниб, гаровдагилар сафига қўшиб қўйилгани ҳақида гапирди. У навбатчиликдаги вазифаси телефон қўнғироқларига жавоб бериш эканини, аммо ҳужум жуда тез бўлгани учун бирор жойда хабар беришга улгурмаганини таъкидлади.

Наманганлик гувоҳлар – эр-хотин Баҳром ва Дилбар Қўчқоровларнинг суддаги кўрсатмаси айнан бир хил бўлди. Яъни улар ҳокимлик биноси олдига қизиқиш юзасидан келган. Лекин акрамийлар уларни ушлаб, майдондаги намойишчиларга қўшиб қўйган.

Ўзи қизиқиб борганини айтса-да, нега мажбуран намойишчиларга қўшиб қўйилганини таъкидлаётгани тўғрисидаги адвокат саволига Б.Қўчқоров тайинли жавоб бера олмай қолди.

Суд раиси ва давлат айбловчилари жабрланувчи ва гувоҳларга ҳокимлик биноси олдида ҳукумат кучларини кўрган-кўрмагани тўғрисида доим савол бериб келяпти ва доимо “кўрганим йўқ”, деган жавобни оляпти.

Шу ўринда Қўчқоровларнинг берган кўрсатмаси эътиборга лойиқ.

“(Кундузи) 1-1.30 чамасида милиция ва ҳарбийлар келганми, ҳаммаси (акрамийлар) кинотеатр томонга югуриб қолди. Кинотеатр томонда милиционерларни ушлаб олишдими, ўша томондан роса отишма эшитилди”, - деди Қўчқоровлар.

Андижон шаҳри ёнғиндан сақлаш бошқармаси ҳайдовчиси Араббой Ҳамидовнинг сўзларига кўра, улар 12 май куни кечқурун соат 11.30 чамасида тревога сигналини олгандан сўнг хизматчиларни уйларидан йиғиб келиш учун тепасида ёниб ўчадиган чироғи бўлган “УАЗ” ҳарбий машинасида йўлга чиққан. Вилоят ҳокимлиги биноси олдидан ўтаётганда акрамийлар машинага автоматлардан ўт очган. У 4 жойидан ўқ еб, машина ичида ҳушини йўқотган.

Шу бошқарма ходими, гаровда бўлган Эркин Жўраев касбдошларига қарата ўқ отилиш сабабларини қуйидагича изоҳлади: “Гаровдалигимизда Араббойдан нима бўлганини сўрасак, у тўхтамай ўтиб кетаётганида ўққа тутилгани, икки шериги ўлганини айтди”.

Яраланган А.Ҳамидовни акрамийлар ҳокимлик биноси ичкарисига олиб кириб ётқизиб қўйган. Унинг аҳволи ёмонлашавергач, ўзларининг шифокорларига кўрсатган. Эрталаб эса машинада А.Ҳамидов ва яна бир ҳарбий шифохонага жўнатиб юборилган.

Гувоҳларинг айтишича, акрамийлар ўт ўчирувчиларни ҳарбий кийимда кўргани учун ҳарбийлар деб гумон қилган. Уларни вилоят ҳокимлиги биносига олиб кириб, текшириб кўргандан сўнг уйларига кетишга рухсат берган.

Судга кўрсатма берган фуқароларнинг таъкидлашича, митингда фақат “Аллоҳу акбар” ҳайқириқлари ва халифалик давлати барпо қилишга оид чақириқлар янграган.

Гувоҳ Ўлмасхон Нўъмонова ҳам юқоридаги гапларни таъкидлар экан: “Буларга дўппи кийган 7 яшардан 70 яшаргача қўшилди. Уларнинг ҳамма аёллари ҳижоб кийиб юрибди. Менинг талабим шуки, уларнинг ҳижобларини 8 мартдагидек (октябрь инқилобидан сўнг мусулмонларни паранжидан чиқариш тадбири назарда тутиляпти) йўқотайлик. Ўшанда тинчиймиз. Булар сассиқ ўт, ажриқ”, - деди.

Ў.Нўъмонованинг гапига кўра, жума намозидан чиқиб келаётган одамлар ҳам намойишга мажбурлаб олиб кирилган.

Ў.Нўъмонованинг бу гапига аниқлик киритиш мақсадида адвокатлардан бири гувоҳ Олимжон Жумабоевга масжид қаерда жойлашгани тўғрисида савол берди. У масжид ҳокимликдан 2 километрдан зиёд узоқликда жойлашганини айтди.
XS
SM
MD
LG