Линклар

Али билан Валининг гапи бир-бирига тўғри келмай қолди-ку


Шайбон Ўзбекистон оммавий ахборот воситаларида, жумладан, “Халқ сўзи” газетасида АҚШнинг гўёки Андижон воқеаларидаги иштироки тўғрисида бир-бирини инкор қилувчи мақолалар эълон қилинмоқда.

Тошкентда ўтказилаётган суд жараёнида судланувчи Таваккалбек Ҳожиев АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонасининг Андижон воқеаларидаги иштироки ҳақида кўрсатма берганди. Орадан кўп ўтмай, журналист Юнус Бўронов “Халқ сўзи”даги мақоласида бу кўрсатмани қуруқ гапга чиқариб, судланувчининг сўзларига урғу бераётган журналистларни Ўзбекистон ва АҚШ ўртасида совуқлик туширишга уринишда айблаганди.

Орадан бор-йўғи бир ҳафта ўтиб, худди шу газетада сиёсатшунос Андрей Ким имзоси билан эълон қилинган “Ҳамманинг “глобаллашуви”ми ёки айримларнинг “гегемонлашуви”?” сарлавҳали мақолада эса Т.Ҳожиевнинг гапларни бежиз эмаслиги таъкидланади.

“Ахир Андижондаги тартибсизликлар бостирилган заҳотиёқ АҚШ халқаро текширувни талаб қила бошлади-ку? Балки Ўзбекистонда айнан Америка “изи”ни йўқотиш учунгина халқаро текширувларни бошлаб юбориш керак бўлгандир? Фараз қилайлик, агар жангарилар кўзлаган ниятига эришганида ҳам Штатлар шундай текширувни талаб қилар эдими? Йўқ, албатта”, - дейилади мақолада ва муаллиф бундай хулоса ясайди: “Шундай қилиб, ўйлашимча, Ўзбекистонда конституциявий ҳокимиятни ағдариб ташлашга уринишда америкаликларнинг иштирокига шубҳа бежиз туғилмаган”.

Гарчи АҚШ Давлат департаменти бу иддаоларни рад этиб келаётган бўлса-да, А.Ким шамол бўлмаса, дарахтнинг учи қимирламаслигига шаъма қилади.

Айрим кузатувчилар мақола Олий Мажлис ва Вазирлар Маҳкамасига қарашли газетада чоп этилгани замирида АҚШнинг Ўзбекистонга ажратилиши кутилган молиявий кўмакни тўхтатгани ва президент Ислом Каримовни халқаро судга тортиш даъвати билан чиққанига бевосита жавоб ётганини таъкидламоқда.

Сиёсатшунос Тошпўлат Йўлдошевнинг фикрича, агар америкалик сенаторлар И.Каримовни судга тортиш ташаббуси билан чиқмаганида А.Кимнинг ҳам мақоласи эълон қилинмаган бўларди. Бу мақола Ўзбекистоннинг АҚШ билан очиқдан-очиқ қатъий қарама-қаршиликка бораётгани далолатидир.

Мустақил кузатувчи Алимардон Аннаевнинг таъкидлашича, Ўзбекистон Андижон воқеаларида четдан аралашув бўлганини жамият онгига сингдиришга ҳаракат қиляпти. Бироқ мамлакатдаги оммавий ахборот воситаларидаги бу каби кўринишдаги чиқишлар аҳоли кайфиятига акс таъсир кўрсатмоқда.

Олий судда ўтаётган суд жараёнида судланувчилар, жабрланувчилар ва гувоҳлар ҳукумат қўшинларининг куч ишлатмагани, барча қурбонлар ҳокимлик биносини эгаллаб олган қуролли гуруҳ томонидан отилган ўқлар натижаси эканини таъкидламоқда.

Аммо А.Ким бу кўрсатмаларни билиб-билмай чиппакка чиқариб қўйган.

“… мамлакат раҳбарияти юзага келган вазиятдан келиб чиқиб, ички низода куч ишлата олди ва конституциявий тузумни ҳамда миллий хавфсизликни сақлашнинг ҳақиқий кафолати эканини кўрсатди”, - дейилади мақолада ва қуйидаги сўзлар келтирилади: “Андижонда акрамийларга қарши куч ишлатилиши республика раҳбариятининг миллий манфаатларни ҳимоялаш бурчини бажаришидир. Бу масалада саволга ўрин йўқ”.

Кузатувчи А.Аннаев мақоладаги айни сўзлар ҳукумат кучлари томонидан қурол ишга солингани тан олинаётганини англатишини таъкидлади. Аммо бу куч ишлатиш натижасида 187 тами ёки кўпроқ одам ўлгани масаласи очиқ қоляпти.

А.Ким ўз мақоласида Олий судда кечаётган суд жараёни муносабати билан кўрилган хавфсизлик чоралари ҳақида тарқатилаётган маълумотларни танқид остига олади: “Журналистлар суд жараёнини залда эмас, балки махсус ажратилган хонада кузатаётгани ёки суд залига кириб бориш учун учта текширув пунктидан ўтиш лозимлиги ва ҳоказолар ҳақида шу пайтга қадар кўпиртирилган гаплар унинг муаллифларига ҳам энди жуда аҳмоқона бўлиб туюлса керак”.

“Озодлик” мухбири Садриддин ҳам суд жараёни бошлангандан буён унда иштирок этиб келяпти. Унинг айтишича, А.Кимнинг иддаолари ҳақиқатдан йироқ. Олий судда ҳақиқатан ҳам ўта кучли хавфсизлик чоралари кўрилган. Унинг тўрт томони қуролланган хавфсизлик кучлари билан ўраб олинган. Дастлабки текширув пунктида ҳужжатлар ва сумкалар текшириб кўрилади. Бу ердан исми рўйхатда борларгина ўтказилади. Бу пунктдан уч юз метрча юрилгандан кейин Олий суд биносига кириш жойида яна рўйхатдан ўтилиб, яна ҳужжатлар ва сумкалар текширилади. Мобиль телефонлар олиб қўйилади ва ичкарига киришга рухсат берилади.
XS
SM
MD
LG