Линклар

Каримовнинг кайфияти хуш


Басира Марказий Осиё ҳамкорлиги ташкилоти Евроосиё иқтисодий ҳамжамияти билан бирлашди. Ташкилотнинг Санкт-Петербургда 6-7 октябрь куни бўлиб ўтган саммитида шундай қарор қабул қилинди.

Россия президенти Владимир Путин икки ташкилотларнинг бирлашуви ўзининг туғилган кунига зўр совға бўлганини таъкидлади.

“Биз қабул қилган қарорларни амалга ошириш бўйича белгиланган аниқ қадамлар яқин кунларда қўйилишига умидвормиз”, - деди В.Путин.

Маълум бўлишича, икки ташкилотни бирлаштириш таклифи Ўзбекистон президенти Ислом Каримовдан тушган.

“ИТАР-ТАСС” ахборот агентлиги тарқатган хабарда айтилишича, И.Каримов Ўзбекистон билан Россия ўртасида янада қалин муносабатлар ўрнатиш ташаббусини олға сурган. И.Каримов “Россия ва Ўзбекистон нафақат стратегик ҳамкорликка кўтарилиши, балки иттифоқ муносабатларига чиқиши керак”лигига урғу берган.

Ўзбекистон раҳбарининг таъкидлашича, Андижон воқеалари “кимнинг қандайлигини” кўрсатган. Россия ишонса бўладиган ҳамкор эканини яна бир бор исботлаган.

“Биз Россияга таянамиз”, - деди Ўзбекистон президенти.

Москвадаги сиёсий технологиялар маркази вакили Сергей Михеевнинг сўзларига қараганда, Россия Марказий Осиёдаги режимларни ўзига янада яқинлаштиришни мақсад қилган. АҚШ томонидан Ўзбекистонга нисбатан чекловлар эълон қилингани натижасида расмий Тошкентнинг вазияти оғирлашгани Россияга қўл келади.

И.Каримовнинг В.Путин билан учрашуви ғоят илиқ вазиятда ўтди. Ўзбекистон президентининг кайфияти хуш экани унинг кўринишидан ҳам яққол билиниб турди.
XS
SM
MD
LG