Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 00:42

Исоқ Абдуллаев 11 йилга кесилди


Хивалик тадбиркор Исоқ Абдуллаев устидан суд жараёни ниҳоясига етиб, у 11 йиллик қамоқ жазосига ва энг кам иш ҳақининг 350 баробари (салкам 2000 доллар) миқдорида жарима тўлашга ҳукм қилинди.

Тадбиркорнинг жиноий шерикларидан бири деб топилган рафиқаси Жумагул Полвонова ҳам салкам 2 минг доллар миқдоридаги жаримага тортилди. Шунингдек, унга 3 йиллик шартли қамоқ жазоси белгиланди.

Маҳаллий кузатувчилар И.Абдуллаев хорижий оммавий ахборот воситалари орқали чиқишларида Ўзбекистон ҳукумати юргизаётган сиёсатни мунтазам равишда қоралаб келгани, Интернетда танқидий мақолалар эълон қилгани учун қамалганини айтмоқда.

“Озод овоз” ташкилоти раҳбари Бобомурод Абдуллаевнинг сўзларига қараганда, Интернет орқали чиқишларида И.Абдуллаев Ўзбекистон президентини, унинг қизини танқид қилган. Мухолифат йиғилишларида ҳам шу йўналишда танқидий фикрлар билдирган.

“Бу ҳолатлар ҳукуматнинг эътиборидан четда қолмаган ва унинг устидан жиноят иши қўзғаш вақти кутиб юрилган”, - деди Б.Абдуллаев.

Эслатиб ўтамиз, И.Абдуллаев устидан гурланлик 25 ёшли Умида Дўстжонованинг шикоят аризаси асосида жиноят иши қўзғатилган эди. И.Абдуллаев рафиқаси Ж.Полвонова билан бирга опа-сингил Дўстжоноваларни ўз уйида 96 кун давомида мажбуран сақлаганликда гумон қилиниб, ҳибсга олинганди. Шундан сўнг унга юкланган жиноятлар сони ортиб бориб, тадбиркор Жиноят кодексининг фирибгарлик, товламачилик, талончилик, одам ўғирлаш, ёлғон хабар бериш, туҳмат қилиш, катта миқдордаги солиқ ва бошқа тўловларни тўлашдан бўйин товлаш каби 18 моддаси бўйича айблана бошлади. Шунингдек, И.Абдуллаевга диний ташвиқот юритиш ва гиёҳвандлик моддасини ноқонуний сақлаш айблари ҳам юкланди.

Сўнгги маълумотларга кўра, И.Абдуллаевнинг суд ҳукмидан норози бўлган адвокатлари ишни қайта кўриш учун Хоразм вилояти апелляция судлов ҳайъатига шикоят аризаси билан мурожаат қилган.
XS
SM
MD
LG