Линклар

Бензин танқислигига заводлар айбдор


Фирдавс Қашқадарёда қарийб икки ойдан буён бензин тақчиллиги юзага келган. Мустақиллик байрами арафасида бошланган тақчиллик натижасида айни кунларда олибсотарлар қўлида бензиннинг бир литри минг сўмгача чиққан.

Ёқилғи қуйиш шахобчаларида бензин умуман йўқ. Қўлдан хоҳлаганча сотиб олиш мумкин бўлган бензин эса ниҳоятда қиммат бўлишига қарамай, сифати ўта паст даражада.

“Қўлдан бензинни икки марта қуйсак, кейин машина юрмай қолади. Олибсотарлар бензинга солярка, автол қўшадими, билмадик”, - дейди ҳайдовчилар.

Бензин танқислиги шаҳар ва шаҳар атрофи транспортида нархлар кўтарилишига олиб келди. Бу эса аҳолининг ҳақли эътирозига сабаб бўляпти.

“Қарши нефть базаси” унитар корхонаси раҳбарларидан бирининг билдиришича, бензин танқислигига сабаб заводлардан етарли ҳажмда ёқилғи келмаётганидир. Қашқадарёлик истеъмолчилар талабини қондириш учун кунига 250 тонна бензин талаб этилади. Ҳозир эса бор-йўғи 70-80 тонна бензин етказиб бериляпти, холос. Бу ҳам шахсий истеъмолчиларга сотилмасдан қишлоқ хўжалиги, саноат корхоналари ва бошқа мақсадларга ишлатиляпти.

Унитар корхона вакили мамлакатдаги икки йирик заводнинг бензин етказиб бера олмаётгани сабаби хомашё етишмаслигига бориб тақалишини таъкидлади.

“Хомашё камлиги учун бизга оз миқдорда маҳсулот етказиб бериляпти. Бензин танқислиги фақат Қашқадарёда эмас, барча вилоятларда кузатиляпти”, - деди корхона вакили.

Қашқадарё Ўзбекистонда қазиб олинадиган нефть маҳсулотларининг асосий қисмини етказиб беради. Норасмий манбаларнинг маълум қилишича, айни кунларда вилоятдаги баъзи ҳудудларда нефть ва газ конденсати маҳсулотларини талон-тарож қилиш кучайган.
XS
SM
MD
LG