Линклар

Суднинг ўн бешинчи куни: “Сизлар учун қўзғолон кўтардик”

  • Садриддин Ашур

Тошкентда Андижон воқеаларида фаол иштирок этишда айбланаётган фуқаролар устидан давом этаётган суд жараёнининг 10 октябрь кунги мажлисида машинасини олдирганлар билан бир қаторда кишанли гувоҳларнинг кўрсатмалари тингланди.

Судда жабрланувчи сифатида кўрсатма берган Андижон вилояти газ корхонаси ҳайдовчиси Баҳодир Маҳкамовнинг айтишича, 13 май куни эрталаб вилоят ҳокимлиги биноси олдидан ўтиб кетаётганида қуролланган шахслар унинг йўлини тўсиб, машинасини олиб қўйган. Номаълум шахслар бу машинада шифохонага касал олиб боришини айтган.

“Майдонда акрамийлар одамларни ўзларига чорлаётган эди. Уларнинг “қачонгача қул бўлиб яшаймиз, эзилиб кетдик, сизлар учун қўзғолон кўтардик”, деган гапларини эшитдим”, - деди Б.Маҳкамов.

Б.Маҳкамов бир кундан сўнг машинасини ёниб кетган ҳолда топган.

Андижон шаҳри адлия бошқармаси ҳайдовчиси Муҳаммад Ҳакимовнинг сўзларига кўра, унинг ҳам машинасини тўхтатиб, ўзини ҳокимлик биноси ичкарисига олиб кирган. Ҳайдовчини ушлаб келгани учун бошлиқларидан дакки эшитган қуролланган шахслар уни қўйиб юборган. Уни митингга қатнашишга ҳеч ким мажбурламаган.

Б.Маҳкамов машинани шикастланган ҳолда топгани ва 4 миллион сўм зарар кўрганини гапирди.

“Дамас” русумли машина ҳайдовчиси, киракаш Муроджон Оқбоевнинг ҳам машинаси тортиб олинган. Бир кундан сўнг эса у машинасини айрим қисмлари талон-тарож қилинган ҳолда топган.

Тадбиркор Илҳомжон Ўринбоев машинаси олиб қўйилгандан кейин уйига бориб, захирадаги калитни олиб келган ва машинасини олиб қочишга муваффақ бўлган.

Жабрланувчи Адҳамжон Убайдуллаев ўзининг машинасини Аллоҳ йўлида хизмат қилиш учун олиб қўйишгани, 2 кундан сўнг эса машинасини ҳеч қандай шикаст етмаган ҳолда топганини гапириб берди.

Андижон шаҳри ҳокимлигига қарашли “Нексия” русумли машина тортиб олиниб, ёқиб юборилганини унинг ҳайдовчиси Икромжон Алимбоев сўзлаб берди.

Андижон туманидаги “Оқёр” моторларни таъмирлаш заводи директори ўринбосари Зафарбек Ҳотамовнинг айтишича, унинг “Матиз” русумли хизмат машинаси тортиб олинган ва ўзи қўйиб юборилган. Майдонда турган акрамийлардан бири давлат бир сўм бермаса-да, биров пул топса, олиб қўйиши, ҳар ким ўз ҳуқуқини ўзи яратиши ҳақида гапириб, уни митингга қўшилишга даъват қилган.

Шу куни судда гувоҳлик берганларнинг аксарияти майдонга мажбурлаб олиб кирилгани, бир баҳона билан у ердан чиқиб кетгани ҳақида гапирди.

Куннинг иккинчи ярмида яна қўлига кишан солинган гувоҳлар кўрсатма берди. Жумладан, тадбиркор Ҳаётилло Нодиров судланувчи Абдубоис Иброҳимовнинг даъвати билан акрамийлик оқимига аъзо бўлгани, 13 май арафасида суд биноси олдида бўлган пикетларда қатнашгани, халифалик қуриш учун кураш олиб боргани ҳақида гапирди.

Унинг айтишича, пикетчилар сони кўпайгандан кейин хорижлик мухбирлар уларни қўллаб-қувватлаб турган. Мухбирларга, асосан, Шариф Шокиров, Баҳром Шокиров, Муҳаммаджон Қодиров, Абдусалом Каримов интервью берган. Улар судланаётганлар ҳеч қандай оқимга аъзо эмаслиги, тадбиркорлар экани тўғрисида гапирган.

Ҳ.Нодировнинг айтган гапларини қўлига кишан солинган ҳолда кўрсатма берган Дадахўжаев ҳам такрорлади.

Суд раиси Бахтиёр Жамолов шу куни кўрсатма берган жабрланувчилар ва гувоҳлардан Чўлпон кўчасидаги отишма ҳақида қайта-қайта сўради. У, айниқса, бир жиҳатга, яъни ўқ қайси томондан отилганига жуда кўп эътибор қаратди. Бунга жавобан акрамийлар ўқ фақат орқа томондан отилгани тўғрисида худди ўргатиб қўйилгандек бир хил гапирди.
XS
SM
MD
LG