Линклар

“Заря Сурхана” ёрдамга муҳтож


Шайбон

Интернетда Сурхондарё вилоятида чоп этиладиган “Заря Сурхана” газетаси ходимлари номидан нашр аҳволи ёмонлиги, уларга ёрдам кераклиги тўғрисидаги мурожаатнома эълон қилинди.

Унда ёзилишича, “Заря Сурхана” вилоятда рус тилида чиқадиган ягона газета бўлиб, у 1941 йилдан буён нашр этилади. Вилоят ҳокимлиги нашри бўлмиш айни газета илгарилари 10 минг нусхагача чоп этилган. Аммо русийзабон фуқаролар сони камайгани боис бўлса керак, газета адади кескин камайиб кетган. Боз устига, газета жуда катта танаффус билан чоп этиладиган бўлган.

Йил давомида 52 сони чиқиши керак бўлган газетанинг 2003 йилда атиги 23 сони нашр этилган. 2004 йил январдан август ойига қадар газета умуман чоп этилмаган. Фақатгина “Рус маданияти” уюшмаси аъзоларининг ўшанда янги тайинланган ҳокимга мурожаати ўлароқ, ҳоким газетага 2 миллион сўм ўтказдириб берган. Бу маблағнинг бир қисми газета чиқаришга, бир қисми қарзларни узишга сарфланган. Қарзлар эса 10 миллион сўмни ташкил этган.

Хуллас, жорий йилнинг май ойидан буён газета чоп қилинмайди. Чунки маблағ йўқ. Газета жамоаси сўнгги бор 2003 йилнинг 3 чорагида маош олган.

Ўз яқинларининг қарамоғида қолган газета жамоаси маҳаллий касбдошларига мурожаатида нима қилиш кераклиги ҳақида маслаҳат сўраган.

“Озодлик” мухбири мазкур мурожаатнома юзасидан “Заря Сурхана” газетасига сим қоқди. Лекин ҳеч ким гўшакни кўтармади. Вилоят журналистлари ижодий уюшмаси вакиллари эса газета жамоасининг маслаҳат сўраб ёзган мурожаатидан хабари йўқлигини маълум қилди.
XS
SM
MD
LG