Линклар

“Амнисти интернешнл” Ўзбекистон элчихонасини пикет қилди


Басира “Амнисти интернешнл” ташкилотининг Россиядаги ресурс маркази вакиллари Ўзбекистоннинг Москвадаги элчихонасини пикет қилди. Улар Ўзбекистон ҳукуматидан ўлим жазосини зудлик билан бекор қилишни талаб этди.

Ташкилот вакили Денис Кривошеевнинг сўзларига қараганда, Ўзбекистон ўлим жазосини жазонинг бошқа тури билан алмаштириши, қийноқлар ҳақидаги баёнотларни кўриб чиқиши лозим. Чунки шу вақтгача бундай баёнотлар жавобсиз қоляпти.

Пикет иштирокчилари қийноқлар ёрдамида олинган иқрорлар суд томонидан кўриб чиқилмаслиги кераклигини ҳам талаб қилди.

Пикетчилар “сўзсиз гувоҳ” сифатида олтита қора плакатни элчихона олдида намойиш этди.

“Бу тилсиз гувоҳлар Ўзбекистонда инсонларга шафқатсиз муносабат мавжудлигини айтмоқчи”, - деди норозилик иштирокчилари.

Қора плакатларда Дмитрий Чикунов, Рифат Тўлаганов, Аҳрорхўжа Толибхўжаев, Искандар Худойберганов, Алексей Бурячек, Йўлдош Қосимов исмлари ёзилган эди.

Д.Кривошеевнинг айтишича, улардан уч нафари яширинча қатл этилган.

“Аҳрорхўжа Толибхўжаев 1 март куни яширинча отиб ташланган. Март охирида эса ўзбек делегацияси БМТга унинг тириклиги ҳақида ҳисобот берган. 6 апрель куни яқинларига унинг ўлими қайд этилган гувоҳнома топширилган”, - деди Д.Кривошеев.

Айтиш жоизки, Ўзбекистон элчихонаси олдида учинчи бор шундай пикет ўтказилмоқда.

“Амнисти интернешнл”нинг Россиядаги захира маркази раҳбари Сергей Никитиннинг таъкидлашича, 10 октябрь халқаро ҳамжамият томонидан ўлим жазосига қарши кураш куни сифатида нишонланади. Ҳозир собиқ иттифоқ ҳудудида фақат Ўзбекистон ва Беларусда ўлим жазоси ижро этилади.

С.Никитиннинг билдиришича, бугунги кунда Ўзбекистонда ўлим жазосини бекор қилиш жуда долзарб мавзудир. Чунки Андижон воқеаларида қатнашишда айбланаётганлар ҳам ўлим жазосига ҳукм қилиниши мумкин.

Пикет сўнггида унинг иштирокчилари ўз мурожаатини Ўзбекистон элчихонаси вакилига топширди.
XS
SM
MD
LG