Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 06:37

Марказий газеталар шарҳи


Дилнаво

“Ҳуррият” газетасининг 5 октябрь сонида Ўрол Ўсаровнинг “Жиззах овози” газетаси бош муҳаррири Акмал Иномов билан суҳбати чоп этилди. “Мажлисдалар” сарлавҳали ушбу интервьюда ҳозирги журналист, мухбирнинг қандай бўлиши кераклиги тўғрисидаги саволга А.Иномов қуйидагича жавоб қайтарган: “Ҳозирги журналист, мухбир ҳамма вақт эл ичида бўлмоғи лозим, улар учун ҳамма эшиклар очиқ бўлиши керак. Мабодо баъзи эшиклар очилмаса, деразадан тушиши керак, чунки бу муаззам ватан ҳаммамизники. Шуни ҳам таъкидлаш лозимки, ҳозир айрим мансабдор, ҳоким ва муовинлари телефондан қўнғироқ бўлса, олиш у ёқда турсин, ҳатто баъзан ҳукумат телефонини ҳам кўтармайдилар. “Бандлар”, “Объектда”, “Мажлисдалар” – котибанинг шундай жавобини оласиз. Хуллас, одамлар билан алоқа қилишга вақт йўқ. Нега? Калондимоғлик, киборлик наҳотки бизнинг хужайраларимизгача сингиб кетган бўлса?”


“Қишлоқ ҳаёти” газетасининг 7 октябрь кунги сонида журналист Қўчқор Норқобилнинг “Алаҳсираш ёхуд офату кулфатни ёқлаган “мустақил сиёсатчи” сарлавҳали мақоласи чоп этилди. Муаллиф мустақил сиёсатчи Маъруф Эшмирзоевнинг Интернетда Тожикистон алюминий заводи хусусидаги чиқишини кескин танқид остига олар экан, жумладан, бундай ёзади: “Олтин тухум туғадиган товуқ, яъни алюминий заводини қўлдан чиқаришни истамаган тожикистонлик гуруҳларга ўзбекистонлик фуқаро “разборшик”лик қилган эмиш, дўппи тор келганда ҳатто уларнинг раҳнамоларига бошпана берган эмиш. Бирор бир далилсиз, исботсиз, оғизнинг бир чеккасидан чиқиб кетган бу гапни жаноб Эшмирзоев қаердан олганлар, билмадик”.


Ўзбекистон матбуотида АҚШ шаънига билдирилаётган фикрлар кескинлашиб бормоқда. “Моҳият” газетасида 7 октябрь куни чоп этилган навбатдаги мақола шулардан бири. Иброҳим Норматовнинг “Жазаванинг сири” мақоласида АҚШнинг Андижон воқеаларидаги иштироки маълум эканига урғу берилиб, Америка Ўзбекистоннинг янги дўстларини кўролмаётганликда айбланади: “Ҳозир АҚШнинг сафсата механизми тўлиқ Ўзбекистонга қарши ишлаяпти. Аввало, у мамлакатимизнинг Россия ва Хитой билан ўрнатган дўстона алоқаларини кўролмаяпти. Агар ана шу мамлакатлар бўлмаганида Ўзбекистонни БМТнинг Хавфсизлик кенгашида ғажиб ташлашга ҳам тайёр. Ўзбекистоннинг ишончли дўстлари бор экан, юки ерда қолмайди”.
XS
SM
MD
LG