Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 04:12

“Интерньюс” судда яна ютқазди


Шайбон Тошкент шаҳри фуқаролик ишлари суди “Интерньюс нетуорк” ташкилотининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ишини апелляция тартибида кўриб чиқиб, дастлабки суд қарорини ўз кучида қолдирди.

Ваколатхона раҳбари Кэтрин Элдрижнинг сўзларига қараганда, атиги 1,5 соат давом этган суд “Интерньюс” келтирган даъволарни асоссиз топган ва ташкилот фаолиятини давом эттириш тўғрисидаги талабни қаноатлантирмаган.

“Албатта, биз маълум маънода суд шундай натижа билан тугашини кутган эдик. Шунга қарамай, ниҳоятда таажжубдамиз. Суд фаолиятимизни тугатиш тўғрисида қарор чиқарди. Шу қарор асосида ваколатхонани тугатиш чоралари кўрилади. Бу эса ишимизни тўхтатишимиздан далолат беради. Зеро, биз ҳеч қаерда ноқонуний фаолият кўрсатмаймиз”, - деди К.Элдриж.

Унинг айтишича, Ўзбекистондаги 10 йиллик фаолияти давомида “Интерньюс” жуда кўп маҳаллий журналистларга тажрибасини оширишга кўмак берган. Ташкилотнинг ўз фаолиятини тўхтатиб, мамлакатни тарк этиши ўзбек журналистлари учун ҳам катта йўқотиш бўлади.

К.Элдриж суд қарорини бекор қилиш учун мавжуд барча имкониятлардан фойдаланилиши, зарур бўлса, Олий судгача чиқилишини таъкидлади ва кейинги судлар қарори ҳам аввалгилариникидан фарқ қилишига кўп ҳам ишонмаслигини билдирди.

Аппеляция судида АҚШ Халқаро тараққиёт агентлигининг Ўзбекистон ва Қозоғистондаги раҳбарлари ҳамда Россиянинг Оммавий ахборот воситалари ҳуқуқшунослари уюшмаси вакили ҳам кузатувчи сифатида иштирок этди.

Россиялик кузатувчининг таъкидлашича, судьялар дастлабки суд қарорини асоссизлиги сезиб, “Интерньюс”га ёрдам беришга тайёр, аммо бундай имкониятдан маҳрум кишилар сифатида таассурот қолдирган.

“Суд якунида судьядан ваколатхона келтирган даъволар хусусида сўрадим. У даъволар асосли экани, аммо вазиятдан келиб чиққан ҳолда шундай қарор қилишга мажбур бўлганини айтди”, - деди россиялик кузатувчи.

Эслатиб ўтамиз, “Интерньюс” ваколатхонаси ноқонуний равишда босма ва электрон маҳсулотлар тарқатиш ҳамда ҳукумат сиёсатига қарши фаолият юритишда айбдор топилган.
XS
SM
MD
LG