Линклар

Суднинг ўн олтинчи куни: Акрам Йўлдошев Андижондаги воқеаларни қандай “бошқаргани” маълум бўлди

  • Садриддин Ашур

Қамоқхонада жазо муддатини ўтаётган Акрам Йўлдошев Андижондаги акрамийлар билан мобиль телефони орқали доимий мулоқотда бўлиб, уларга тегишли кўрсатмалар бериб турган.

Тошкентда Андижон воқеаларида фаол иштирок этишда айбланаётган фуқаролар устидан ўтказилаётган суд жараёнининг 11 октябрь кунги мажлисида айнан шундай кўрсатмалар янгради.

Суд мажлиси жабрланувчилар ва гувоҳлар кўрсатмаларини тинглаш билан бошланди. Жабрланувчи Нозим Дадабоев Андижоннинг эски шаҳарида қуролланган шахслар томонидан ушлаб олиниб, митингга олиб келинган. У нега бу шахслардан қаерга олиб кетилаётганини сўрамагани тўғрисидаги саволларга жавоб бера олмади. Фақат ўша пайтда ҳеч нарсани тушунмай қолганини айтиш билан кифояланди.

Н.Дадажонов бир-икки марта калтак егани ҳақида гапирди. Аммо адвокатнинг қандай жароҳат олгани тўғрисидаги саволига: “Шифокорлар рентген қилди. Нафас йўлимда шамоллаш борлигини, даволанишим кераклигини айтди”, - дея жавоб қайтарди.

Гувоҳ Ҳилола Тожибоева майдонга мажбурлаб олиб кирилгани ҳақида гапирди. У майдонда халифалик қуриш, одамларнинг яшаш шароити тўғрисида кўп гап-сўзлар бўлганини таъкидлади.

Адвокат Гулмира Бобожонова жабрланувчига: “Намойиш вақтида у ердагиларга озиқ-овқат, пул тарқатилгани ҳақида аввалги кўрсатмаларда айтилди. Сиз ҳам озиқ-овқат ёки пул олганмисиз”, - деган саволни берди.

Ҳ.Тожибоева намойиш вақтида одамларга пул ёки озиқ-овқат тарқатилганини кўрмагани, ўзи ҳам бундай нарсалар олмаганини билдирди.

Гувоҳ Икромиддин Каримовнинг бир акаси қочқин мақомини олган бўлиб, ҳозир Руминияда, яна бир акаси эса Андижондаги қамоқхонада сақланмоқда. У акалари билан Қирғизистонга мажбуран қочгани, ўз ихтиёри билан Ўзбекистонга қайтиб келганини гапирди. И.Каримов ким уни мажбурлагани, нега Ўзбекистонда қолавермагани тўғрисидаги саволларга мантиқли жавоб бера олмади.

Майдондаги оломон билан бирга Қирғизистонга ўтиб кетган Матлуба Қўчқорова қочқинлар лагеридагилар доимо “Озодлик” радиосини тинглаганини маълум қилди.

“Радиода қайтганлар қийноққа солиниши ҳақида гапириларди. Бу гаплар таъсирида қўрқиб, лагерда 16 кун ўтирдим”, - деди у.

М.Қўчқорова уни эри қочқинлар лагеридан Ўзбекистонга қайтариб олиб келганини таъкидлади.

Акрамийлар раҳнамоси сифатида эътироф этилаётган, айни пайтда қамоқхонада жазо муддатини ўтаётган Акрам Йўлдошев Андижон воқеалари давомида ўз издошларига фатво бериб тургани тўғрисидаги Ўзбекистон расмийларининг баёнотлари шу вақтгача кўпчиликни ҳайрон қолдириб келаётганди. “Қамоқдаги кишида мобиль телефони нима қилади? У дам олиш масканидами ёки қамоқхонада” каби саволлар шу пайтгача жавобсиз қолаётган эди.

11 октябрь куни гувоҳликка чақирилган, айни пайтда устидан жиноят иши қўзғатилган шифокорлар бу каби саволларга жавоб бергандек бўлди.

Сил касалликлари шифокори Бобур Ҳақбердиевнинг сўзларига кўра, у ишлаётган Жазони ижро этиш бош бошқармасининг 64/18 рақамли шифохонасида А.Йўлдошев сил касалидан даволанган. А.Йўлдошев билан бир неча марта ҳамсуҳбат бўлган.

“А.Йўлдошев қамоқхонадаги ҳизбчилар ва ваҳҳобийлар билан умуман алоқа қилмас эди. Улар билан бир хил айб билан қамалганига қарамай, нега мулоқот қилмаслигини сўраганимда, у ўзларининг йўли бошқачароқ экани, тадбиркорлик орқасидан топилган маблағдан кам таъминланган оилаларга ёрдам қилиб, сафларини кенгайтиришини айтганди”, - деди Б.Ҳақбердиев.

Б.Ҳақбердиев А.Йўлдошевга ташқаридан чой, сигарет, қанд-қурс олиб келиб тургани, мактублар чиқариб-киргизгани, унинг илтимоси билан мобиль телефони киргизиб берганини таъкидлади.

“4 май куни (А.Йўлдошевнинг жияни) Ҳасан Мақсудов билан Қўйлиқ бозоридаги бекатда учрашдим. У пиширилган иккита товуқни (маҳбусга) киритиб беришни сўради, - деди Б.Ҳақбердиев. - Товуқнинг ичида телефон борлиги, А.Йўлдошев уйидагиларни соғингани, телефон орқали улар билан гаплашмоқчи эканини айтиб, телефонни киргизиб беришни илтимос қилди. Мен олиб кириб бердим”.

Б.Ҳақбердиевнинг кўрсатмасига кўра, у кейинроқ яна битта телефон сим-картасини ҳам олиб кириб берган. Бу ишни Ҳасан Мақсудовдан (А.Йўлдошевнинг жияни) пул олиб қилган.

Шу шифохонада бўлим мудири бўлиб ишлаган Муродулло Сувоновнинг билдиришича, у Акром Йўлдошевга уч марта телефон олиб кириб берган. Бу ишни декабрь, январь, февраль ойларида қилган. А.Йўлдошевни ўз хонасига чақиртириб, ўша ерда узоғи билан 5-6 минутдан хотини ва жияни Ҳ.Мақсудов гаплаштирган. Кейин ҳам А.Йўлдошев ундан телефон олиб кириб беришни сўраган, аммо у рад жавобини берган.

М.Сувонов А.Йўлдошевга шифохонада кўрсатган хизматлари учун Ҳ.Мақсудовдан 500 доллар олганини, маҳбусга майда-чуйда егуликлар киргизиб турганини таъкидлади.
XS
SM
MD
LG