Линклар

Марсель Ўзбекистонга жўнатилди


Басира Ўзбекистонлик 19 ёшли Марсель Исоев 12 октябрь куни Россиядан ўз юртига депортация қилинди. Қозон давлат технология университети талабаси Россия ҳудудида ноқонуний яшаганликда айбланди.

Бу ҳақда Москвадаги “Фуқаровий кўмак” қўмитаси хабар тарқатди.

Москвада яшайдиган инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Баҳром Ҳамроевнинг сўзларига қараганда, аслида Марсель судда ёлғон кўрсатма беришдан бош тортгани учун Россиядан чиқариб юборилган.

“Уюшган жиноятчиликка қарши кураш бошқармасининг террорчиликка қарши кураш бўлими офицери Кириченко Марселдан Олмос Ҳасанов исмли шахс уни “Ҳизб ут-таҳрир” оқимига тортгани ҳақида ёлғон кўрсатма беришни талаб қилган. Акс ҳолда Ўзбекистонга жўнатиб юбориб, ўша ерда уни узоқ муддатга қаматиш билан қўрқитган”, - деди Б.Ҳамроев.

Б.Ҳамроев бировга қарши кўрсатма беришни истамаган Марсель судда бор ҳақиқатни сўзлагани, ички ишлар ходими ундан ёлғон кўрсатма талаб қилганини айтганини таъкидлади.

Марселнинг Россияда яшаш ҳуқуқини берувчи ҳужжати муддати унинг иши судда кўрилишидан уч кун аввал, 19 сентябрда тугаган. Шунга қарамай, суд уни Россиядан чиқариб юбориш ва 1000 рубль миқдорида жаримага тортиш ҳақида қарор чиқарган.

Россиядаги қочқинларга кўмак бериш жамғармаси бошқаруви раиси Михаил Демидов Россия идораларининг кишиларни мажбуран ватанига қайтариб юбориш сиёсатини танқид қилди. Унинг айтишича, Марселнинг қочқин мақомини олишга доир аризаси қабул қилинганига қарамай, ўз юртига жўнатиб юборилиши инсон ҳуқуқлари бузилишига киради.

М.Исоев Россияга 2004 йилда келган. У Россия фуқаролигини олиш учун зарурий ҳужжатлар тўплаётган эди. Ўзбекистонда унинг яқинлари қолмаган. Онаси ва укаси Россия фуқаролари бўлиб, ҳозир Оренбург вилоятида яшайди.
XS
SM
MD
LG