Линклар

Ивановода ҳибсга олинган ўзбеклардан бири озод этилди


Басира Иваново шаҳридаги тергов изояторида сақланаётган 14 ўзбекдан бири – Россия фуқароси Ҳотам Ҳожиматов ҳибсдан озод қилинди. Бу шахслар Ўзбекистон Бош прокуратураси сўровига асосан ҳибсга олинган.

Ҳ.Ҳожиматов иши бўйича кассация шикоятини кўриб чиққан Иваново вилояти суди мазкур ишни қайта текширувга жўнатди. Бундан аввалроқ, 15 сентябрь куни Иваново шаҳрининг Совет тумани суди уни “Ўзбекистонга жўнатиш имконини яратиш учун” ҳибсга олиш ҳақида қарор чиқарганди.

Вилоят суди Ҳ.Ҳожиматовни суд залидан озод қилиш ҳақида қарор чиқарган бўлса-да, соқчилар бу қарорни дарҳол бажаришдан бош тортди ва уни яна тергов изоляторига олиб кетди. Ҳ.Ҳожиматов фақат орадан уч соат ўтибгина озод этилди.

Унинг адвокати Владимир Чуйков 23 йиллик иш тажрибаси давомида бундай ҳолатга илк бор дуч келганини билдирди. Адвокатнинг айтишича, соқчилар суд қарорини ҳеч қандай истисносиз дарҳол бажариши лозим эди.

Ҳ.Ҳожиматовнинг сўзларига қараганда, изоляторда ётганида ўзбек терговчиларни ундан Андижон воқеаларида иштирок этганини тан олишни талаб қилган. Унга турли пўписалар бўлган.

Ҳозир Ивановодаги тергов изоляторида сақланаётган 13 ўзбек ҳам Андижон воқеаларида иштирок этишда айбланмоқда.
XS
SM
MD
LG