Линклар

Режа бажарилди, ўқувчилар эса мактабга қайтадиган эмас


Фирдавс Ўзбекистоннинг пахта етиштирувчи энг йирик минтақаси – Қашқадарё вилояти давлатга пахта топшириш режасини бажарди. Бу маррани эгаллашда коллеж ва мактаблар ўқувчилари меҳнатидан кенг фойдаланилди.

Шу пайтгача 410 минг тонна пахта етиштирган вилоят бу йилдан режани 426 минг тоннага чиқарди. Ўтган йили мамлакатда биринчи бўлиб давлатга пахта сотиш режасини бажарган қашқадарёликлар бу йил анча кечикиб – 10 октябрдагина мажбуриятини уддалади.

Маълумотларга кўра, бу йил вилоят далаларида 69 мингдан зиёд ўқувчи пахта теримида иштирок этмоқда.

Одатда давлатга пахта сотиш режаси бажарилса, биринчи бўлиб ўқувчилар ва талабаларни теримдан қайтариш бошланарди. Аммо бу йил уларни даладан қайтариш ҳақида ҳозирча гап йўқ.

Вилоят халқ таълими соҳаси мутасаддиларидан бирининг айтишича, ўқувчи ва талабалар 5 ноябргача теримни давом эттиради. Давлатга пахта топшириш режаси бажарилгандан кейин ҳар бир ўқувчига яна 500 килограммдан пахта териб бериш вазифаси юкланган. Бу вазифани бажарган мактаблар ўқувчилари теримдан қайтарилади.

Маълум бўлишича, вилоят раҳбарлари режага қўшимча равишда 74 минг тонна пахта топшириш мажбуриятини олган. Ўқувчиларнинг мактабларга қайтарилиши ана шу мажбуриятнинг бажарилишига боғлиқ.

Вилоят раҳбарлари асосий мақсад режа кетидан қувиш эмас, балки етиштирилган ҳосилни териб олиш эканини айтмоқда. Бу йил вилоятда пахта ҳосили яхши бўлган.

Қарши туманилик фермер Жуманазар Чўллиевнинг билдиришича, баъзи жойларда биринчи теримга ҳам киришилмаган. Иккинчи терим тугамаган жойлар ҳам кўп. Шунинг учун деҳқонлар ҳашарчилар ёрдамига муҳтож.
XS
SM
MD
LG