Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 19:37

Суднинг ўн еттинчи куни: Акрамийлар ярадор биродарларини отиб ташлаган


13 май куни Андижон шаҳрининг Чўлпон кўчасидаги отишмалар вақтида акрамийлар ўзларининг ярадор бўлган биродарларини отиб ташлаган. Уларга ҳарбийлар томонидан ўқ узилмаган.

Тошкентда Андижон воқеаларида фаол иштирок этишда айбланаётган фуқаролар устидан давом этаётган суд жараёнининг 12 октябрь кунги мажлисида ҳибсда сақланаётган акрамийлар шундай кўрсатма берди.

Гувоҳлик бериш учун ҳибсхонадан суд залига олиб келинган Қобилжон Саматовнинг кўрсатмасига кўра, у акрамийлик диний оқими бўйича таълим олган. Акрам Йўлдошевнинг 12 дарсдан иборат қўлланмасини ўқиб чиққан.

Қ.Саматов Андижондаги акрамийларга қарашли тикувчилик цехларидан бирида итоатчи чевар бўлгани, 23 акрамийнинг суди кетаётган пайтда пикетларда қатнашгани, Андижон воқеаларида 20 кишилик гуруҳга раҳбарлик қилганини гапирди. У ҳам ўз кўрсатмаларида хорижлик журналистларни четлаб ўтмади.

“Суд бўлган кунлари суд биноси олдида турдик. Шариф ва Баҳром Шокировлар хорижий журналистларга ҳар доим интервью бериб турди. Интервью бераётган бошқа кишиларга ҳам нималар тўғрисида гапиришни ўргатди. Пикетга акрамийларга хайрихоҳлар, уларнинг қўшнилари чақириб келинган. Келганларга яна иштирок этиши учун чиройли совғалар берилган”, - деди Қ.Саматов.

Қ.Саматов Чўлпон кўчасидаги отишмада ҳарбийлар акрамийларга ўқ узмагани, аксинча улар ўт очгани, қолаверса, пала-партиш отиб, биродарларини, жумладан, ўзини ҳам яралаганини билдирди. У акрамийлар ярадор биродарларини отиб ташлагани тўғрисида шов-шувли кўрсатма берди. Зеро, шу вақтгача ҳеч ким бундай кўрсатма бермаганди.

“Ярадорлар роса бақира бошлади. Қобил ака (Қобил Парпиев) Ботирга уларни қийналмаслиги учун отиб ташлашни буюрди. Ботир ҳам ўзимизнинг ярадорлардан 5-6 тасини отиб ташлади. Бундан аччиғим чиқиб, Ботирни отиб ташлайман десам, Шавкат қўлимдан ушлаб қолди”, - деди Қ.Саматов.

Қ.Саматов аскарлар одамларга ўқ отмагани боис, акрамийлар халқ отилганини кўрсатиш учун ўз биродарларини отиб ташлаганини таъкидлади.

Шифокор Мухтор Аҳмадалиев 12 майдан 13 майга ўтар кечаси ҳокимлик биносида ярадорларга хизмат кўрсатганини маълум қилди. Ярадорларнинг аҳволи оғир бўлгани боис, М.Аҳмадалиев акрамийларга уларни шифохонага жўнатиш кераклигини айтган. Шундан сўнг ярадорлар шифохонага жўнатилган. Унинг ўзи беш ярадорни шифохонага олиб кетган.

М.Аҳмадалиевнинг айтишича, у ҳокимлик биносида 11 кишига тиббий ёрдам кўрсатган. Бу шахсларнинг 4 таси аскар, биттаси ўт ўчирувчи ва қолганлари оддий фуқаролар кийимида бўлган.

14 майдан бери қамоқда сақланаётган Нусратилла Дадахўжаевнинг судда берган гувоҳлигига кўра, акрамийлар хорижий ОАВ мададида Ўзбекистонда халифалик давлати қурмоқчи бўлган.

“Оқимимизнинг асосий мақсади чет эллик журналистлар билан бирга 23 нафар биродаримизни озод қилиш эмас, балки аввалдан режалаштириб келинаётган халифалик давлатини қуриш эди”, - деди Н.Дадахўжаев.

Н.Дадахўжаев кўрсатма бераётганда шунчалик тиниқ ва равон гапирдики, нутқининг бирор жойида тутилмади, гўё у бу кўрсатмаларни такрор ва такрор айтавериб, ёд олганга ўхшарди.

Андижон шаҳридаги жазони ижро этиш муассасаси назоратчиси Жўрабек Қосимов учта шериги билан 12 май куни кечқурун назорат минорасидаги постда бўлгани, қамоқхонага бостириб кирган акрамийларга ўт очгани ҳақида гапирди. Лекин назоратчиларнинг иккита ўқдонига 10 тадан ўқ бўлган.

“20-30 тача қуролланган шахс тартибсиз равишда ҳар томонга отиб кириб келаётган эди. Уларга қарата ўқ отдим, ўқим тугаб қолди. Улар тўғри кириб, хўжалик ишлари учун олиб қолинган маҳбусларни озод қилиб юборди”, - деди Ж.Қосимов.

Муҳим объектни қўриқлаётган назоратчининг ўқдонига нега ҳаммаси бўлиб 20 дона ўқи бўлгани тўғрисида на ҳимоя, на айблов томон савол бермади.

Гувоҳ Ҳусанбой Умаровнинг айтишича, касби новвой. Устози Музаффар ака айтгани учун майдондаги намойишда қатнашган ва оломонга қўшилиб, Қирғизистонга ўтиб кетган.

Ҳ.Умаров Қирғизистондан уйига қайтмоқчи бўлгани, лекин уни қўрқитишгани ҳақида гапирди. У Ўзбекистонда бўладиган қийноқлар ҳақида гўёки “Озодлик” радиосидан ҳам эшитган.

Ҳ.Умаровнинг сўзларига кўра, у Ўзбекистонга қайтиш йўлларини излаган, лекин қирғиз аскарлари отиб юборишидан қўрққан. Қочқинлар лагеридагиларда Ўзбекистонга қайтса, ўлиб кетишдан қўрқув бўлган. Бу ҳақда лагерда ҳамма гапирган. Қирғизлар олдинроқ бир йигит калтаклаб олиб кетилганини айтиб берган.

Суд мажлисларининг диққатга сазовор жойи шундаки, кўрсатма бераётганлардан бу гапларни мажбуран ёки қийноқ қўллангани туфайли эмас, ўз ихтиёри билан айтаётгани тасдиқлатиб олиняпти.

Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигининг 11 октябрдаги баёнотида “Би-Би-Си” корпорацияси Тошкентда ўтаётган судда судланувчилардан қийноқлар остида кўрсатма олинаётгани ҳақида ёлғон хабар тарқатганликда айбланади. ИИВ матбуот хизмати журналистлардан журналистика этикаси ва принципларига амал қилишни, суд ҳукми чиққунча сабрли бўлишни сўраган.
XS
SM
MD
LG