Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 09:38

Б.Мусаев: “Жиддий хавф Россия томондан бўлади”


Феруза Марказий Осиёда минтақа мамлакатларини ташқи таҳдидлардан ҳимоя қилиш учун йирик ҳарбий қўшилма ташкил этиш зарурати бор. Бу қўшилма минтақа давлатлари суверенитетини барча йўналишларда ҳимоялашга хизмат қилади.

Бу ҳақда Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти бош котиби Николай Бордюжа баёнот берди. Унинг айтишича, Евроосиё иқтисодий ҳамжамиятига қўшилган Ўзбекистон КХШТга ҳам аъзо бўлиши мумкин. Ҳарбий қўшилма ҳам КХШТ доирасида ташкил этилади.

Ўзбекистон расмийлари Н.Бордюжанинг бу баёнотига ҳозирча бирор муносабат билдиргани йўқ.

Сиёсатшунос Комрон Алиевнинг фикрича, айни пайтда Марказий Осиё давлатларига ташқи ҳарбий хавф деярли йўқ. Минтақада ҳарбий қўшилма ташкил этиш эса жуда катта харажатлар талаб этади.

Сиёсатшунос Тошпўлат Йўлдошевнинг таъкидлашича, Н.Бордюжа айтган ҳарбий қўшилма катта армия эмас, балки бўлинмалар даражасида бўлиши мумкин.

“Бу кучлар ташқи таҳдидларга қарши туриш учун ташкил этилиши айтилса-да, аслида ички бўҳронларга қарши курашишга йўналтирилади”, - деди Т.Йўлдошев.

Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистоннинг КХШТга аъзо бўлишга эҳтиёжи йўқ. Аммо ҳозирги шароитда Ўзбекистон ҳукумати Россия иштирокидаги ҳар қандай шартномага қўшилишга мажбурдир.

Жамиятшунос Баҳодир Мусаевнинг билдиришича, Марказий Осиёга Афғонистондан ташқи таҳдид бўлганида Россия жим қараб турган эди. Энди эса бу ерда ҳарбий гуруҳ ташкил этишни режалаштираётгани ортида ғаразли мақсадлар бўлиши мумкин.

“Россия Ўзбекистоннинг айни пайтдаги вазиятидан ўзининг АҚШ билан йирик ўйинларида фойдаланмоқчи. Минтақада ҳарбий қўшилма ташкил этилиши Россиянинг Марказий Осиёда ўз ҳарбий устунлигини ўрнатиши билан баробар”, - деди Б.Мусаев.

Б.Мусаев агар Ўзбекистон КХШТга қўшилса, Россия томонидан унинг суверенитетига жиддий таҳдид пайдо бўлишини таъкидлади.
XS
SM
MD
LG