Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 10:54

Бордюжанинг баёнотида жон бор


Басира Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти бош котиби Николай Бордюжа куни-кеча ОАВ вакилларига берган интервьюсида Ўзбекистон ҳам шу тузилмага аъзо бўлиши мумкинлигини маълум қилди.

Унинг фикрича, яқиндагина Евроосиё иқтисодий ҳамжамиятига кирган Ўзбекистон КХШТга ҳам аъзо бўлиши мантиқан тўғри бўлади. Зеро, ҳар икки ташкилотга ҳам бир хил давлатлар аъзо. Уларнинг фарқи шундаки, бири иқтисодий, иккинчиси хавфсизлик масалалари билан шуғулланади.

Россиялик сиёсатшунослар Н.Бордюжанинг баёноти бекорга янграмаганини айтмоқда.

Ҳамдўстлик давлатлари марказий институти вакили Андрей Грозиннинг билдиришича, Ўзбекистоннинг КХШТга аъзо бўлиши ҳақидаги гаплар ўз тасдиғини топиши мумкин. Ўзбекистон президенти Ислом Каримовнинг Марказий Осиё ҳамкорлик ташкилотининг Санкт-Петербург саммитидаги баёнотлари бу тахминлар ҳақиқатга яқинлигини кўрсатди. Зеро, И.Каримов собиқ иттифоқ ҳудудидаги ҳар қандай ташкилот билан алоқа ўрнатишга уринмоқда. Шунинг учун гарчи Ўзбекистон 1999 йилда КХШТни тарк этган бўлса-да, яна унга кириши эҳтимолдан йироқ эмас.

А.Грозиннинг таъкидлашича, Ўзбекистоннинг ўз ташқи сиёсатидаги навбатдаги эврилиши, энг аввало, унга бўлаётган ташқи босимлар билан изоҳланади. Ўзбекистон халқаро изоляцияда қолишидан қўрққани учун Россия билан алоқаларини яхшиламоқда.

Россия КХШТнинг мавқеини кўтариш учун бир қанча қадамлар қўйган. Хусусан, ташкилот аъзоларига қурол-яроғларни завод нархида сотмоқда. Шунингдек, аъзо давлатларга ҳарбий кадрлар тайёрлашга ҳам ёрдам беряпти.

А.Грозиннинг айтишича, Қозоғистон бу имтиёзлардан тўлақонли фойдаланмоқда. Ўзбекистон ҳақида эса ҳозирча бундай дейиш қийин. Аммо Россия истаса, Ўзбекистонга ўзаро ҳарбий-техникавий ҳамкорликни янги босқичга чиқаришни таклиф қилиши мумкин.

Москвадаги Стратегик тадқиқотлар маркази раҳбари Алексей Мухин Ўзбекистоннинг КХШТга аъзо бўлиши ташкилот позициясини кучайтиришини таъкидлади.

“Фақат Россия билан яхши муносабатлар мавжудлиги суверен республика учун хавфсизликни таъминламайди. Бунинг учун халқаро меъёрлар бор. Ўзбекистон КХШТга аъзо бўлса, мана шу меъёрларни қўллаш мумкин бўлади”, - деди А.Мухин.

Ҳозир халқаро майдонда жуда қийин аҳволда қолган Ўзбекистон Россиядан бошқа давлатга умид қила олмайди. Бу эса Россия учун ўз таъсир доирасини кучайтиришга жуда яхши имконият пайдо қилади. Бундай шароитда Ўзбекистоннинг КХШТга аъзо бўлишидан ажабланмаса ҳам бўлади.
XS
SM
MD
LG