Линклар

logo-print

Қозоғистонда ҳам бензин танқислиги юзага келди


Озодбек Йилига ўнлаб миллион тонна нефть қазиб оладиган Қозоғистоннинг жанубий вилоятларида бир ҳафтадан буён бензин ниҳоятда танқислиги ва нархи кескин кўтарилиб кетгани кузатилмоқда.

Маълумотларга кўра, илгари Жанубий Қозоғистон вилоятига кунига 30 минг тонна бензин етказиб берилган бўлса, эндиликда бу миқдор беш баробарга камайган. Вилоятдаги ёқилғи қуйиш шахобчаларининг деярли 90 фоизида бензин йўқлиги, нарх эса 2 баробар кўтарилгани тўғрисида хабарлар бор.

Оддий ҳайдовчилар вилоятда бензин танқислиги вужудга келишига Қозоғистоннинг четга нефть экспорт қилишни кўпайтиргани сабаб бўлиши мумкинлигини тахмин қилмоқда. Уларнинг таъкидлашича, илгари вилоятда бензиннинг бундай танқис бўлиши кузатилмаган.

Вилоятдаги нефть соҳасининг етакчи мутахассисларидан бирининг “Озодлик” мухбирига билдиришича, бензин танқислигига олиб келган сабаб оддий. Яъни “PetroKazakhstan oil products” акциядорлик жамиятига қарашли нефть маҳсулотлари компанияси вилоятга ёқилғи етказиб беришни тўхтатиб қўйган.

“Бу компания сентябрь ойиданоқ вилоятга етказиб бериши керак бўлган бензин миқдорини ҳеч қандай сабабсиз қисқартириб қўйди”, - деди мутахассис.

Вилоят маъмурияти бензин нима сабабдан танқис бўлиб қолгани ва нархи кўтарилгани сабабларини ҳозирча изоҳсиз қолдиряпти.

Аммо маҳаллий кузатувчилар бу ҳолат “PetroKazakhstan”нинг Хитой миллий нефть корпорацияга сотилиши мумкинлиги билан боғлиқлигини таъкидламоқда.

Бензин танқислиги ва нарх ошиб бораётгани аҳоли ўртасида норозилик келтириб чиқаряпти. Куни-кеча вилоят ёшлари Чимкент нефтни қайта ишлаш заводи олдида бу ҳолатдан ўз норозилиги билдирди. Улар бензин нархини оширмаслик ва юзага келган муаммолар ижобий ҳал этилишини талаб қилди.
XS
SM
MD
LG