Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 04:25

Бир ўзбек шоирининг кўргуликлари


Асли Туркистон туманининг Қарноқ қишлоғида туғилиб ўсган ўзбек шоири Баҳром Ғойиб пул ишлаш илинжида Қозоғистонга бориб, айни пайтда хизмат ҳақларини ололмасдан Тошкентга қайтиш тараддудини кўряпти.

Баҳром Ғойиб институтни тугатгач, оиласи билан Тошкент шаҳрида яшашни маъқул топди. Ўзининг сиёсий фаолияти туфайли бошига кўплаб ташвишлар тушди.

“Сиёсатга аралашганим учун 4-5 йиллаб ишдан четлатиб ташландим. Ўзбекистон радиосида ҳам энг паст иш берилди. Мен оддий муҳаррир пайтимда шогирдларим катта муҳаррир, бўлим бошлиқлари эди. 2001 йилда ишдан ҳайдашгач, етти ой ишсиз юрдим. Чунки Рауф Парфининг ҳукуматга ёқмайдиган шеърлари ва суҳбатини олиб чиққандим. Президент саройигача чиқиб, ишга қайта тикландим. Ойлигимга кун кўра олмаганим учун Қозоғистонга келгандим”, - дейди шоир.

Б.Ғойибни ўзбек дарсликлари чиқариш учун Олмаотага ишга чақиришди. Кейин Чимкентдаги ўзбек тилида чиқадиган газетада 12 минг танга ойликка ишлади. Бу маблағ оиласини боқишга етмагач, Кентов ўзбек маданияти маркази раиси 25 минг танга ойлик ваъда қилиб, ишга чорлади. Аммо раис у билан шартнома тузмади. Шоир ишласа ҳам маош ололмади.

Уч фарзанднинг отаси Баҳром Ғойиб ўзини зиёли мардикор ҳисоблайди. Айни кунларда зиёли мардикор Тошкентга қайтмоқчи.

“Минглаб ўзбеклар нон топиш учун Корея, Қозоғистон, Россияга тўзиб кетди. Қанча одам ҳақини ололмаяпти. Шулардан бири ўзимман. Мен ҳатто Каримов билан талашиб ҳам ҳақимни оламан, деб ўйлардим. Афсуски, ишлаган ҳақимни ҳам ололмай кетяпман. Қул ўлмас, ризқи узилмас. Тошкентда ҳам бир кунимни кўрарман. Балки мен ҳам бош эгарман”, - деди шоир.

Унинг сўзларига қараганда, Ўзбекистонда ўзбек хўрланаётгани учун Қозоғистонда ҳам кун кўра олмаяпти. Сўнгги пайтларда қозоқлар орасида миллатчилик муносабатлари шаклланяпти. Шунинг учун ўнлаб ўзбек мардикорлари қозоқлар томонидан қул қилиб ишлатиляпти.

Б.Ғойиб яқинда Сайрамнинг Қорабулоқ қишлоғида ўзбеклар ва қозоқлар ўртасидаги тўқнашув ҳам айнан миллатчилик туфайли келиб чиққан, деб ҳисоблайди.

“Жанубий Қозоғистон вилоятида қозоқларда ўзбекка нисбатан ғайирлик бор. Аслида қозоқ бағрикенг халқ. Аммо улар руслаша бошлагандан сўнг қозоқ зиёлилари халқнинг миллий ғурурини кўтаришга қаттиқ киришди. Улар вазифасини ҳатто ошириб бажарди. Бугун қозоқларнинг кўпчилиги миллатчи бўлиб кетди. Улар ўзбекларни Қозоғистондан кетишга мажбурлайди. Аслида Жанубий Қозоғистон вилояти, у ёғи Жамбул ва Қизилўрдагача, тарихдан маълум, ўзбек хонликлари ери эди. Бизнинг ота-боболаримиз хоки ётган жойда қозоқлар ўзбекдан бу ерда нима қилиб юрибсан, деб сўрайди. Биз “Туркистон” халқ ҳаракатини шундай гаплар бўлмаслиги учун тузгандик”, - деди Б.Ғойиб.

Б.Ғойиб 90-йилларда фаолият кўрсатган “Туркистон” ҳаракатининг етакчиларидан бири эди. У туркий халқлар ўртасида Қорабулоқдаги каби воқеалар бўлмаслиги учун ягона Туркистон ғояси илгари сурилганини таъкидлади. Шоирнинг фикрича, бугунги кунда бу ғоя янада долзарбдир.

“Қозоғистоннинг навбатдаги раҳбарлигига Нурсултон Назарбоев сайланиши ҳозирдан ойдай равшан. У МДҲ давлатлари раҳбарлари орасида анча халқпарвар, демократроқ бўлса-да, барибир Назарбоев даврида яна фақат пулдор кун кўради. Каптар бир думалаб парига айланганидек, коммунистлар ҳам бир думалаб демократга айланди. Аммо ҳокимият тепасига ҳақиқий демократлар келмас экан, халқ кун кўра олмайди”, - деди.

Баҳром Ғойиб Ўзбекистон мустақиллиги борасидаги фикрлари билан ҳам ўртоқлашди: “Ўзбекистон раҳбари Ислом Каримов ҳам бир думалаб демократга айланганлардан. Унинг илгари мустақиллик душмани бўлганини ҳамма билади. Аммо у бугун биринчи қаҳрамондир. Мустақиллик учун курашганларнинг бир қисми ҳозир чет элларда юрибди, айримлари калтак еб, ўлиб кетди. Бошқалари эса бошини кўрпага буркаб ётибди. Мустақилликка қарши бўлганлар, мустақиллик учун чиққан йигитларни калтаклаганлар бугун қаҳрамонлик орденларини олиб юрибди. Муҳаммад Солиҳга қаҳрамонлик эмас, қамаш ҳукми берилди. Рауф Парфи хор бўлиб ўлиб кетди. Шогирдларидан ўнтаси халқ шоири бўлгандан кейин унга ҳам шундай унвон беришга мажбур бўлишди. Ўзбекнинг халқ қаҳрамони Одил Ёқубов эди. “Ўзбеклар иши” очилиб, халқ оёқ ости қилинганда Абдулла Орипов ҳам, Эркин Воҳидов ва Ўткир Ҳошимов ҳам СССР халқ депутати эди, аммо улар халқни ҳимоя қилмади. Ўшанда ўзбекнинг номини оқлаган фақат Одил Ёқубов эди. Ҳозир О.Ёқубовни ҳам четга суриб қўйишган”.

46 ёшли Баҳром Ғойибнинг "Ҳаққоний" номли ягона шеърий тўплами собиқ иттифоқ даврида нашр этилган эди. Аммо шоир шеър ёзишни тўхтатгани йўқ.
XS
SM
MD
LG