Линклар

Аҳоли статистикага ишонмайди


Саида Ўзбекистон Статистика қўмитаси маълумотларига кўра, жорий йилнинг биринчи ярмида мамлакат аҳолиси даромади ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 22,7 фоиз ошган. Аҳолининг умумий даромади тахминан 4 миллиард долларни ташкил этган.

Бу ўсиш, асосан, тижорат фаолиятидан, хусусан, қишлоқ хўжалик маҳсулотлари ва мулкларни сотиш эвазига бўлган. Бу даврда аҳолининг истеъмол харажатлари 20,3 фоиз кўпайган.

Расмий маълумотлар аҳоли даромадлари мунтазам ошиб бораётганини кўрсатаётган бўлса-да, аҳоли вакиллари буни қатъий рад этяпти. Улар олаётган иш ҳақи ёки оила бюджетига келиб тушаётган бошқа даромадлар амаллаб қозон қайнатишгагина етаётганини айтмоқда. Баъзи кишилар эса ойлаб маош олмаётганидан шикоят қилади.

Суҳбатдош аёллардан бирининг сўзларига кўра, даромади эҳтиёжига етмаётгани туфайли давлат идорасидаги ишидан ташқари қўшимча юмушлар қилишга мажбур. Шунга қарамай, оилада ортиқча маблағ сақланиши ҳақида гап ҳам бўлиши мумкин эмас.

Собиқ ўқитувчининг айтишича, агар коммунал хизматлар учун белгиланган тарифлар юқори бўлмаганида оила бюджетига келаётган маблағни бироз тежаса, эҳтиёждан ташқари маблағ жамғариш мумкин бўларди.

“Ҳозир аҳоли даромади кўпайгани, уларда эҳтиёжидан ташқари пул маблағлари йиғилаётгани ҳақида гапириляпти. Аммо мен бунга ишонмайман. Тадбиркорларда бироз пул бўлиши мумкин. Аммо уларнинг ҳам кўплари шахсий маблағи билан иш юритмайди. Кимдандир қарз кўтариш ҳисобига тадбиркорлик қилади”, - деди навбатдаги суҳбатдош.

Ўзини Нодир деб таништирган ёш йигитнинг билдиришича, 50 минг сўм маош олади. Аммо бу пул унинг эҳтиёжи учун етмайди.

Кўпчилик суҳбатдошларнинг таъкидлашича, ҳозир олинадиган маош белгиланган энг кам иш ҳақи, яъни 9 минг 400 сўмдан 10 баробар кўп бўлган тақдирда ҳам оила сандиғида ортиқча пул қўйишнинг имконияти йўқ.
XS
SM
MD
LG