Линклар

Мухолифат президентни яширин ташвиқотда айбланмоқда


Қозоғистон президентлигига сайлов жараёнлари қизғин паллага киряпти. Аммо асосий кураш, асосан, амалдаги президент Нурсултон Назарбоев ва мухолифат етакчиси Жармахон Туяқбой ўртасида кечиши аниқ бўлиб боряпти.

Мухолифат вакиллари ҳозирданоқ ўзларига нисбатан турли босим ва тазйиқлар бўлаётганини даъво қилмоқда. Ж.Туяқбой раҳбарлигидаги “Адолатли Қозоғистон учун” ҳаракати фаолларидан бири Анвар Муҳаммедовнинг айтишича, мухолифат вакилларига тарғибот-ташвиқот ишлари билан эркин шуғулланишга имкон берилмаяпти. Фаолларни қамаб қўйиш ҳоллари ҳам юз берган.

Ж.Туяқбой Марказий сайлов комиссияси устидан Олий судга даъво аризаси киритиб, комиссия аъзоларини коррупцияда ва ўзининг ҳуқуқларини паймол қилишда айблаганди. Аммо суд унинг даъвосини қондирмади.

Мухолифат вакилларининг билдиришича, куни-кеча мухолифатнинг кўзга кўринган арбобларидан бири Тулен Тўхтасинов АҚШ давлат котиби Кондолиза Райс билан учрашиш учун Остона шаҳрига йўлга чиққанида Қозоғистон хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан қўлга олинган.

Қозоғистон президентлигига номзод мақомини олиш учун 18 киши ариза топширганди. Аммо улардан беш нафари биринчи босқичдан ўта олмади. Яъни қозоқ тили бўйича имтиҳонни топшира олмади. Хусусан, 3 аёл номзод ҳам кейинги босқичга ўтмади.

Аёллар президентликка ўз номзодини қўйиши Қозоғистон тарихида илк бор кузатилди. Олий маълумоти йўқ бу аёллар ҳеч қаерда ишламайди.

Иккинчи босқичга йўл олган 13 эркакдан тўрттасининг номзоди жамоат бирлашмалари томонидан кўрсатилган. Булар амалдаги президент Нурсултон Назарбоев, мухолифат етакчиси Жармахон Туяқбой, мухолифатдаги “Оқ жол” партияси раҳбари Алихон Байменов ва парламент депутати Ерасил Абилқосимовдир. Бошқалар мустақил номзодлар ҳисобланади.

Н.Назарбоев ва унинг асосий рақиби Жармахон Туяқбойнинг сайловолди штаблари бир-бирига турли айбловлар билан чиқяпти.

Мухолифатчилар президентни ноқонуний равишда яширин ташвиқот олиб бораётганликда айблаяпти. Мухолифатчи Ҳамроқул Қодирқуловнинг таъкидлашича, ташвиқот бошланмаган бўлса-да, радио ва телевидениелар амалдаги президент фойдасига бу ишларни бошлаб юборган.

Жанубий Қозоғистон университети профессори Файзулла Исҳоқовнинг фикрича, қозоқ мухолифати ҳали жиддий ишларга қодир эмас. Мухолифат дастурлари амалдаги президентникидан ҳам иқтисодий, ҳам ижтимоий жиҳатдан заиф. Мухолифат кўпроқ мафкура, коррупцияга қарши кураш, ижтимоий адолат масалаларини кўтармоқда. Сайловчиларни ўз томонига оғдириш учун бундай баёнотлар билан бир қаторда амалий ишлар ҳам зарур. Мухолифатда худди шу жиҳат йўқ.

Н.Назарбоевнинг қизи Дариға Назарбоева раҳбарлик қилаётган “Асар” партияси “Адолатли Қозоғистон учун” ҳаракати раҳбарларини ғаламислик кўринишидаги ҳаракатлар қилишда айблади. Партия уларнинг Олмаота вилоятидаги ерларнинг камбағаллар томонидан эгаллаб олиниши ёки ҳибсда сақланаётган мухолифатчи Ғалимжон Жакиянов ҳимояси учун митинглар уюштирганини қоралади.

Айни кунларда президентликка талабгорлар имзо тўплаш билан машғул. Улар мамлакат аҳолисининг бир фоизи, яъни 85 минг сайловчининг имзосини тўплаши керак. Ҳозир Н.Назарбоев ва Ж.Туяқбой учун деярли бир хил - 160 минг атрофида имзо тўплаб бўлинган. Имзо йиғиш жараёни 24 октябргача давом этади.
XS
SM
MD
LG