Линклар

logo-print

Суднинг ўн саккизинчи куни: Акрамийларга қарашли “восита”да ишлаган ўқитувчи байтулмол ҳақида эшитмаган

  • Садриддин Ашур

Тошкентда Андижон воқеаларида фаол иштирок этишда айбланаётган фуқаролар устидан ўтказилаётган суд жараёнининг 13 октябрь кунги мажлисида, асосан, гувоҳларнинг кўрсатмалари тингланди.

Гувоҳ Сардор Низомовнинг кўрсатмасига кўра, у 13 май куни вилоят ҳокимлиги биноси олдида ўтказилган намойишда иштирок этган. Акрамийлар унинг қўлидан ушлаб олиб, Қирғизистонгача бирга олиб борган.

С.Низомов оломондан ажралиб қочмоқчи бўлгани, лекин Қирғизистонгача қўлидан занжир қилиб ушлаб олингани сабабли бунинг имкони бўлмагани ҳақида гапирди. У қўрққанидан оломондан ажрала олмаганини билдирди.

Қирғизистондаги қочқинлар лагерида бўлган гувоҳлар аввалги суд мажлисларида қўшни давлатга ўтганида чодирлар тикилиб, одамлар келишига тайёр қилиб қўйилгани ҳақида кўрсатма берганди. Аммо С.Низомовнинг кўрсатмаси бу гапларга тескари бўлди. Унинг айтишича, қочқинлар Қирғизистонга ўтгандан кейингина чодирлар қурилган. Ўнта чодирнинг ҳар бирига 60-80 тадан одам жойлаштирилган. Одам кўплигидан кўпчилик ётмасдан, ўтириб чиққан.

С.Низомов лагердан Ўзбекистонга қайтишни истагани, лекин унга гўёки “Озодлик” радиоси тарқатган хабарларни эшиттириб, қўрқитишганини таъкидлади.

“Қайтишни хоҳлаётганимни айтишимга имконият берилмади. Улар қайтсам, ўлдириб ёки қамаб юборилишим, тирноқларим омбур билан юлиб олиниши ҳақида гапириб қўрқитди. “Озодлик” радиосини эшитиб, ўзимиз хулоса чиқаришимизни айтишди. Радиода Андижонда ўспиринлар ҳам қолмай, олиб кетилгани ҳақида гапирилди. Шу гаплар билан қўрқитишди”, - деди С.Низомов.

Қирғизистондаги қочқинлар лагерида бўлган Хуршид Эгамбердиев ҳам хориж радиолари ҳақида гапирди. Унинг билдиришича, Ўзбекистон радиоларини тинглаб, юртга қайтишга истаги кучайган. Аммо уларга Ўзбекистон радиоларини тинглаш тақиқлаб қўйилган. Фақат “Озодлик” ва “Би-Би-Си” радиолари эшиттирилган. Бу радиоларда Ўзбекистонда ҳамма қамалаётгани, қийноққа солинаётгани гапирилган.

Андижон вилояти адлия бошқармаси ҳайдовчиси Дилмурод Усмонов даъвогар фуқаро сифатида кўрсатма берди. Ҳайдовчининг таъкидлашича, акрамийлар унинг хизмат машинасини ҳокимият биноси олдида олиб қўйган ва кейин ёқиб юборган. Акрамийлар давлатга қарашли машиналарни ушлаган, аммо шахсий автомобилларга тегмаган.

Илҳомжон Юнусовнинг судда берган кўрсатмасига кўра, у Андижондаги акрамийларга қарашли “Камолот пойдевори” ташкилотида ўқитувчи бўлиб ишлаган. 23 акрамийнинг суди бўлаётган пайтда ўтказилган пикетларда икки марта қатнашган. Бу пикетлар ёқмагани сабабли кейин майдонда ўтказилган намойишга ҳам ўз ихтиёри билан бормаган. Майдон олдидан ҳарбий машина ўтаётганида қуролли шахслар ўша томонга ота бошлаган. Бу ўқлар тинч аҳолига тегиб, 3-4 киши йиқилганини кўрган ва қўрқиб кетган. Одамлар кетмоқчи бўлганида қуролланган шахслар уларни ўраб олиб, Сой томонга юра бошлаган. У йўлда дарахт панасига бекиниб, қутулиб қолган.

Илгари кўрсатма берган судланувчилар акрамийлар топган даромадининг бешдан бир қисмини байтулмолга ўтказиб турганини гапирганди. Аммо акрамийларнинг “воситаси”да ишлаганини айтган И.Юнусов қонуний белгиланган маошини тўлиқ олгани, байтулмол ҳақида эшитмаганини билдирди.

Жабрланувчининг вакили Аҳмадбек Раҳмоновнинг айтишича, укаси шаҳар солиқ инспекциясининг бошлиғи бўлиб ишлаган. 13 май куни акрамийлар томонидан гаровга олинган. 14 май куни укасининг жасадини шаҳар шифохонаси ўликхонасидан топган.

Қирғизистон фуқароси Иброҳим Мамасодиқовнинг сўзларига кўра, у Ўш шаҳрида акрамийларга қарашли дўконларда савдо-сотиқ билан шуғулланган. Ўш жанубидаги Теке қишлоғида жанговар тайёргарликдан ўтган. Панфилов номидаги спорт мактабида жисмоний машқларда қатнашган. Андижондаги воқеаларда яраланган, шифохонада қўлга олинган.

Ҳозир ҳибсда сақланаётган Нурилло Абдуллаевнинг таъкидлашича, Россиянинг Иваново шаҳридан олиб келинган 200 минг долларнинг 46 мингдан ортиғи унда қолиб кетган. Бу пулни Қобил Парпиев сақлаб туриш учун Ботир Раҳмоновга, у эса ўзининг яқин оғайниси Баҳром Хўжаевга берган.

Н.Абдуллаев Б.Хўжаев бу пулни сақлаб тура олмай унга бергани, у эса ўз ихтиёри билан милиция ходимларига топширганини маълум қилди.
XS
SM
MD
LG