Линклар

logo-print

М.Тожибоевага янги айб қўйишга уриниш бўлди


Шайбон “Ҳьюман райтс уотч” ташкилоти фарғоналик инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси, “Ўтюраклар” клуби раҳбари Мўътабар Тожибоеванинг ҳибсга олинишидан норозилик билдириб, баёнот тарқатди.

Унда айтилишича, М.Тожибоеванинг ҳибсга олиниши Ўзбекистон ҳукуматининг инсон ҳуқуқлари фаолларини қатағон қилиш сари қадам ташлашидир.

Ташкилотнинг Европа ва Марказий Осиё бўйича директори Ҳолли Картнернинг баёнотда таъкидлашича, “Тожибоеванинг ҳибсга олиниши Ўзбекистон ҳукуматининг тинч ва мустақил овозларга нисбатан юритаётган кампанияси кескинлашиб бораётганидан дарак беради”.

Ҳ.Картнер Ўзбекистон расмийлари М.Тожибоевага қўйилаётган айбларни бекор қилиб, зудликда озод этиши лозимлигини билдиради.

Баёнотда “Ўтюраклар” раҳбарини ҳибсга олишдан мақсад унинг Дублинда ўтадиган халқаро анжуманга қатнашишини чеклаш экани таъкидланади. Унда айтилишича, М.Тожибоевага қўйилган айблов шубҳали бўлиб, Ўзбекистон ҳукумати инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари фаолиятига халақит бериш учун одатда шундай сохта айбловлардан фойдаланади.

“Ҳьюман райтс уотч” ўз баёнотида АҚШ ва Европа Иттифоқи давлатларини расмий Тошкентдан М.Тожибоевани зудлик билан озод этишни талаб қилишга чақиради.

Сўнгги маълумотларга кўра, М.Тожибоевага турли айбловлар юклашга уринишлар бўляпти.

Фарғоналик инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Абдусалом Эргашевнинг маълум қилишича, “Андижонбалиқ” очиқ акциядорлик жамияти собиқ раиси М.Тожибоевага ўзини тергов ва судда ҳимоя қилгани учун расман 100 минг сўм тўлагани, кейин қўлига яна 900 доллар берганини даъво қилган. Аммо бу ҳолат ўз исботини топмагач, айбловга қўшилмаган. Агар бу ҳолат исботини топганида М.Тожибоевага фирибгарлик айби ҳам қўйилиши мумкин эди.

М.Тожибоева ҳибсга олинган кунидан бошлаб расман очлик эълон қилганди.

А.Эргашевнинг билдиришича, соғлиғи ёмонлашгани боис, М.Тожибоева бу акцияни тўхтатган. Айни пайтда ҳибсхонада унга ёмон муносабатда бўлинмаётир. Аммо ҳибсга олинган куни уни уйқудан маҳрум қилиш ва овқат бермаслик кўринишида қийноқлар бўлган.
XS
SM
MD
LG