Линклар

logo-print

Налчикка ҳужумда маҳаллий аҳоли вакилларининг ҳам қўли бор


Басира Ноқонуний қуролли гуруҳларнинг Қабардин-Болқор мухтор республикаси пойтахти Налчикка уюштирган ҳужуми маҳаллий аҳоли вакилларининг иштирокисиз бўлмагани кўриниб турибди.

Мазкур республикадан Россия Давлат думасига сайланган депутат Заурби Нахушев шундай фикрларни баён қилди.

Ҳарбий шарҳловчи Виктор Баранецнинг таъкидлашича, сўнгги йиллар давомида Шимолий Кавказдаги ваҳҳобийлик ривожланган жойларда федерал тузумга қарши айирмачилик кайфияти пайдо бўлган. Налчикдаги воқеалар эса аввалдан тайёрланган террорчилик ҳаракатидан далолат беради.





“Масхадов ва Басаевнинг бутун Кавказга сепаратизмни тарқатиш режаси амалга оширилаётгани кўриниб турибди. Налчикдаги бирданига бир неча объектга уюштирилган ҳужум жангарилар сони 100 нафардан кўп бўлганини кўрсатади”, - деди В.Баранец.

13 октябрь куни эрталаб жангарилар гуруҳи Налчикдаги ҳуқуқ-тартибот идоралари, қурол-яроғ дўкони, аэропортга ҳужум уюштирганди. Бунинг натижасида хавфсизлик кучлари ва тинч аҳоли вакилларидан ўнлаб қурбонлар берилди. Жангарилардан ҳам 50 дан ортиғи ўлдирилгани, 20 дан ортиғи қўлга олингани хабар қилинмоқда.





Россия президенти Налчикни тўла ўраб олиш ва жангариларни бутунлай зарарсизлантиришга буйруқ берган.

Россия ички ишлар вазири биринчи ўрибосари Александр Чекалиннинг сўзларига қараганда, 11 октябрь куни ички ишлар ходимлари қурол-аслаҳа ва ярим тоннага яқин портловчи модда сақланаётган яширин омборни топган. Бу жангариларнинг жиддий ҳужумга тайёрланаётгани белгиси бўлгани учун тезкор қидирув тадбирлари кучайтирилган. Белая речка қишлоғи яқинида жангариларнинг ўн кишилик гуруҳи қуршаб олинган.





А.Чекалин Налчикка ҳужум айнан шу гуруҳни йўқ қилишга қаратилган тадбирларга халақит бериш мақсадида уюштирилгани, бу гуруҳ таркибида жангариларнинг энг катта раҳбарларидан бири бўлиши мумкинлигини таъкидлади.

Айни пайтга келиб Налчикда қуршаб олинган жангариларинг барчаси зарарсизлантирилгани хабар қилиняпти.
XS
SM
MD
LG