Линклар

Тожикистон матбуоти Ўзбекистон айбловларига жавоб беради


Ҳабибулла Ботиров

Тожикистон ҳукумати расмий нашрлари, жумладан, “Народное газета” ва “Азия плюс” мустақил газетасида Тожикистон алюминий заводининг биринчи директори, ҳозир эса шу корхона раҳбари маслаҳатчиси Салимбой Маҳкамбоевнинг “Тожик алюминий заводи ҳақидаги ҳақиқат ва бўҳтон” сарлавҳали мақоласи чоп этилди.

ТАЗ етказаётган зарар ҳақида ўзбек матбуотида айтилаётган мулоҳазаларга жавоб тарзида ёзилган ушбу мақолада “Ўзбекистон ҳукумати томонидан гиж-гижланаётган завод атрофидаги шов-шувларнинг ҳаммаси аниқ кўриниб турган ташвиқот ва буюртма кампания” экани таъкидланади.

С.Маҳкамбоев лойиҳалаш пайтида ҳам, қурилаётганда ва ишлай бошлагандан кейин ҳам корхона чиқиндиларининг зарари ҳақида ҳеч қандай гап-сўз бўлмаганини, фақат 1982 йилда Денов ва Сариосиё туманлари раҳбарлари завод ҳавога чиқараётган чиқиндилар анор ва бошқа қишлоқ хўжалик маҳсулотларига зарар келтираётганини гапира бошлаганини айтади.

Муаллиф заводнинг тозалагичлари жуда нодир ускуналар бўлиб, ҳавога чиқадиган заҳарли моддалар жуда камлигини, Ўзбекистоннинг ваҳималари асоссизлигини, қишлоқ хўжалик маҳсулотлари яхши ҳосил бермаётганининг асосий сабаби сувсизлик эканини ёзади.

С.Маҳкамбоевнинг таъкидлашича, Ўзбекистоннинг чегара ҳудудларидаги, масалан, Олмалиқдаги рух ва қўрғошин ишлаб чиқарадиган тоғ-металлургия комбинати, Бекободдаги металлургия ва цемент заводлари Тожикистон экологиясини йиллар давомида бузиб келяпти. Ўзбекистон ҳавога чиқараётган зарарли моддалар ТАЗ зараридан ўнлаб марта кўп.

Муаллиф Тожикистон табиатни муҳофаза қилиш қўмитаси маълумотларига таяниб, минтақада чиқаётган чиқиндилар умумий миқдоридан 1,7 фоизи (120 минг тонна) Тожикистон, 31,4 фоизи (2 миллион 200 минг тонна) Ўзбекистон ҳиссасига тўғри келишини маълум қилади. У Ўзбекистондаги “Экосан” жамғармаси президенти Юсуф Шодиметовга мурожаат қилиб, аввало, ўз мамлакатидаги экологик вазиятга эътибор қаратишни маслаҳат беради.

Мақолада ТАЗда ишлайдиган 12,5 минг ишчидан 7 минги ўзбекзабонлар, уларнинг бир қисми Ўзбекистон фуқаролари экани таъкидланади.

Қизиғи шундаки, кутилмаганда С.Маҳкамбоев “Авесто” ахборот агентлигига бундай мақолани ҳеч қачон ёзмагани, унда келтирилган мақолаларни ҳеч қаерда тилга олмаганини маълум қилди. Агентликнинг бу мақолани ким тайёрлаган бўлиши мумкинлиги ва у кимга керак бўлиб қолгани тўғрисидаги саволига С.Маҳкамбоев: “Бу масала билан махсус шуғулланадиган идоралар бор”, - деб жавоб қайтарди.
XS
SM
MD
LG