Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 02:28

Суднинг йигирманчи куни: Андижон воқеаларида қурол ишлатган ҳарбийлар кўрсатма берди


Андижон воқеаларида фаол иштирок этишда айбланаётган фуқаролар устидан Тошкентда ўтказилаётган суд жараёнининг 17 октябрь кунги мажлисида Чўлпон кўчасидаги отишмада иштирок этган ҳарбийларнинг кўрсатмалари тингланди.

Фарғонадаги 57380-ҳарбий қисмдан ёрдамга келган ҳарбий Отабек Миркомиловнинг сўзларига кўра, уларга Чўлпон шоҳкўчасида блок пост ташкил этиш топшириғи берилган. 13 май кунги соат 18 ларда улар томон 500 га яқин оломон келаётганини кўрган.

“Улар томонидан ўқ узилиши билан оломон ерга ётиб олди. Менинг билишимча, одамлар ўша жойдан қимирламади, қуролланган одамлар тарқаб кетди. Улар ўзларига қулай бўлган позицияни эгаллаган. Ёндаги тор-тор кўчалардан келиб, бизга ҳужум қилишни бошлаганда уларга нисбатан қурол ишлатиш мумкинлиги бизга аниқ бўлди. Чунки улар аҳолидан панароқда эди. Шундан келиб чиққан ҳолда қурол ишлатишга киришдик”, - деди О.Миркомилов.

У адвокатнинг саволларига жавоб берар экан, соат 18 дан ўтиб бошланган отишмада соат 21 ларгача қатнашгани, ёрдам кучи келгандан кейин ярадорларни олиб кетганини таъкидлади. О.Миркомиловнинг айтишича, шу вақт давомида ерга ётган аҳоли ўрнидан турмаган. Аҳоли ўртада қолиб кетган. Қуролланган кишилар ҳам уларнинг орқасида, ҳам олдида бўлган.

Шу пайтгача Чўлпон кўчасидан жон сақлаб чиққан оломоннинг Қирғизистон томонга юриши, Тешиктош қишлоғи яқинидаги отишмалар суд жараёнларида унчалик ёритилмаганди. 44086-ҳарбий қисм бўлинма бошлиғи Баҳодир Алёровнинг сўзларига кўра, унинг 16 кишидан иборат гуруҳига Тешиктош қишлоғига етиб бориб, қочқинларни Қирғизистон ҳудудига чиқариб юбориш вазифаси юклатилган. Улар 13 май куни тунги 12 ларда Тешиктош қишлоғига етиб бориб, чорраҳада, яъни қишлоққа кириш жойида мустаҳкам позиция эгаллаган.

“Мен бекатда жойлашгандим. Қўлимда қурол бор эди. Ўртага чиқиб, ўнг қўлимни кўтариб, уларга бошқа йўлдан кетишни ишора қилиб кўрсатдим. Олдиндагиларда қурол йўқ эди. Қуролни ташлаб Қирғизистонга чиқиб кетишларини айтганимда, қуролли одамлар пайдо бўлди-да, менга қаратиб ўқ узди. Мен бекатнинг ёнига ўтиб кетдим. Огоҳлантириш мақсадида тепага ўқ уздим. Одамлар тарқалди, ётиб олганлар ҳам бўлди. Ичида гаровдагилар ҳам бор экан. Ўртача қочиб кетаётган одамларнинг баъзиларини отиб ташлади. Ҳаммасини ўртага йиғиб, Қирғизистонга қараб чиқиб кетишди”, - деди Б.Алёров.

Ҳарбийнинг бу гаплари 14 октябрь кунги суд мажлисида гувоҳлик берган Маҳбуба Зокированинг кўрсатмаларига зид келади. М.Зокирова Тешиктошга етган оломон орасида қуроллилар бўлмагани, қари кампирлар, аёллар рўмолларини оқ байроқ қилиб кўтарганда ҳам ҳарбийлар ўққа тутганини айтганди.

“Энг алам қилгани, немис Гитлер ҳам оқ байроқ кўтарганларни отмаган. У ерда эса отди. 4 та боламни ўртага қўйиб қасам ичаман, отди”, - деган эди М.Зокирова.

Ўзини акрамийлик оқимига мансуб деб билган Умаровнинг гувоҳлик беришича, бу оқимга Акрам Йўлдошевнинг “Иймонга йўл” китобини ўқиб аъзо бўлган. Мебель цехида оддий итоатчи бўлиб ишлаган. У патруль пост батальонига, ҳарбий қисмга, қамоқхонага бўлган ҳужумларда қатнашмаган. 13 май куни майдондаги намойишда иштирок этган.

Умаров намойишда ислом давлати қуриш, пенсияларнинг камлиги, солиқларнинг кўплиги ҳақида гаплар бўлганини таъкидлади.

“Ҳаммаси эсимда йўқ, аммо (шаҳар прокурорининг) “судда бўлаётган ишлар холисона кўрилади, биз халқ томондамиз”, деган гаплари эсимда. Одамлар бақир-чақир қилиб, қўлидаги нарсаларни ўша томонга отди. Кейин биродарларимиз уни ҳокимлик ичига қайтариб олиб кириб кетди. Бирпасдан кейин қўллари боғланган ҳолда солиқ инспекцияси бошлиғи олиб чиқилди. У одам ҳам шу усулда гапиртирилди. У қандайдир бир қарорни бекор қилиш, давлат солиқларини камайтириш тўғрисида ваъдалар берганди, алдаяпти, деб ўйладими, одамлар тўполон қилиб юборди. Уни ҳам қайтариб олиб кириб кетишди”, - деди Умаров.

Унинг таъкидлашича, Чўлпон кўчасидаги отишма 10-15 минут давом этган. Отишма тиниши билан у маҳаллага кириб, қочиб кетган. Қуролланган шахслар оломоннинг тўрт тарафида бўлган.

Суд мажлисида 12 майдан 13 майга ўтар кечаси қамоқхонадан озод қилинган, лекин акрамий бўлмаган маҳбуслар гувоҳлик берди.

Жиноят кодексининг 169-моддаси, яъни ўғирлик билан қамалган гувоҳлар Абдуғаффор Отамирзаев, Шоирбек Ҳамидов, Санжар Нўъмонов, Маҳмуд Мамадалиев акрамийлар уларни қамоқхонадан мажбурлаб олиб чиққанини таъкидлади.

Уларнинг бири ҳокимлик биноси томон кетаётган пайтда, бири миллий хавфсизлик бошқармаси биноси олдида қочиб қолганини гапирди.

Маҳбуса Омина Бекмирзаева кечаси қамоқдаги ҳамхоналаридан бирининг Андижондаги уйида тунаб, эртаси куни Жалолқудуқ туманидаги уйига кетиш йўлини тополмай, қайси кўчадан юрса ҳам вилоят ҳокимлиги биноси олдига чиқиб қолаверганини маълум қилди.

“У ерда менга гап ўргатишиб, ҳайкалнинг олдига чиқаришди. Мен қандай қилиб туҳмат гаплар айтаман, деб гапирмасдан қайтиб тушдим. Шу атрофда журналистлар ҳам юрганди. Фақат бизни суратга оларди”, - деди О.Бекназарова.
XS
SM
MD
LG