Линклар

Ўралмонларга ҳам ҳавас қилиб бўлмайди


Ўралмон сифатида Қозоғистонга кўчиб келаётганларнинг кўпчилиги ўзбекистонлик қозоқлардир. Қозоғистонга келаётган оралманлар аксарият ҳолларда мушкул аҳволга тушиб қолмоқда.

Айни пайтда Қозоғистондан ташқарида 4,5 миллион қозоқ яшайди. Қозоғистон ҳукумати уларнинг она юртига қайтиши учун барча эшиклар очиқлигини билдириб келяпти.

Қозоғистонда иқтисодий аҳвол анча яхшилангани боис, мамлакатга келаётган хорижлик қозоқлар сони ҳам кескин кўпаймоқда. Маълумотларга кўра, 1991 йилдан жорий йилнинг 1 июлига қадар Қозоғистон 450 мингга яқин ўралмонни қабул қилган. 2005-2007 йилларда мамлакат ҳар йили 15 минг хорижлик қозоқни қабул қилиши белгиланган. Аммо Қозоғистонга кўчиб келишни истаётган хорижлик қозоқлар сони бундан уч баробар кўп, яъни йилига 45 минг кишини ташкил этади. Расмийлар мамлакатнинг моддий имконияти бирдагина бунча одамни қабул қилишга етмаслигини айтмоқда.

Ўралмоннинг аксарияти Қозоғистонга, асосан, Ўзбекистон, Қирғизистон, Хитой, Мўғулистон, Туркманистондан кўчиб келган. Ўзбекистонлик қозоқлар орасида тарихий ватанига қайтиш истаги кучли. Шу пайтгача Қозоғистонга келиб ўрнашган хорижий қозоқларнинг 60 фоизи ўзбекистонликдир.

Маълум бўлишича, ўзбекистонлик қозоқлар ўралмонлар учун ажратилган квотани олишни кутиб ўтирмасдан, Қозоғистонга ноқонуний йўллар билан кириб келяпти. Уларнинг кўпчилиги Жанубий Қозоғистон вилоятига ўрнашмоқда. Айни пайтда уларнинг аксарияти ўта ночор аҳволда кун кечиряпти.

Сайрам туманининг Оқсувкент қишлоғидаги икки қаватли қаровсиз ётоқхонада ўзбекистонлик бир гуруҳ қозоқлар, жами 15 оила яшайди. Бинонинг дераза ойналари деярли йўқ, бори ҳам синиқ.

11 фарзанднинг онаси 64 ёшли Гулшан Сафарбоеванинг айтишича, у оиласи билан 3 йилдан буён шу ерда яшайди.

“Уйимиз йўқ. Мана шундай хароба жойда яшаяпмиз. Бу ерга келаман деб пенсиямиздан ҳам айрилиб қолдик”, - дейди Г.Сафарбоева.

Ётоқхонада яшовчи кўпчилик оила ўралмонлик квотасини ҳам олиб улгурган. Бироқ ҳали ҳам шу ерда яшашни давом эттиряпти.

“Квота олганларга бериладиган маблағ ҳеч нарсага етмайди. Бу пулни томоғига ишлатсинми, уй қурсинми, қарзларини тўласинми”, дейди ўзбекистонлик қозоқлар.

Қозоғистонга келиш учун квота олган хорижий қозоқларга, мавжуд қонунга кўра, турар-жой ва транспорт харажатлари тўлаб берилади. Уларга ишга жойлашишда ҳам имтиёзлар бор. Ҳар бир ўралмонга 100 минг танга миқдорида ёрдам пули берилади.

Бироқ, ўралмонларнинг айтишича, бу маблағ уларга етмайди. Шунинг учун кўпчилик ўралмонлар оғир аҳволга тушиб қолган. Улар тирикчилик ўтказиш учун турли қора ишларни бажаришга мажбур бўляпти.

Ўралмонларнинг кўпчилиги ишсиз. Уларнинг мутахасислик бўйича иш топиши амри маҳол.

Шунга қарамай, хорижлик қозоқларнинг ўз тарихий юртига оммавий кўчиб келиши йилдан-йил кўпайиб боряпти.
XS
SM
MD
LG