Линклар

Суднинг йигирма биринчи куни: Гитлер номи иккинчи марта тилга олинди

  • Садриддин Ашур

Андижон воқеаларида фаол иштирок этишда айбланаётган шахслар устидан Тошкентда ўтказилаётган суд жараёнининг 18 октябрь кунги мажлисида 16 кишининг кўрсатмаси тингланди.

Республика шошилинч тиббий ёрдам шифохонаси Андижон шаҳри филиали шифокори Мансурбек Маллабоевнинг айтишича, 13 май куни кечқурун соат 19-20 лар орасида шифохонанинг тиббий тез ёрдам машинаси номаълум шахслар томонидан ўққа тутилган. Оқибатда уч шифокор ҳалок бўлган.

М.Маллабоев машинага акрамийлар ўқ отган, деб гумон қилди ва бу гумонига тўлиқ ишонишини таъкидлади.

М.Маллабоев “Гитлер ҳам бундай ваҳшийлик қилиб, шифокорларни отмаган”, деди. 14 октябрь кунги суд мажлисида гувоҳлик берган Маҳбубахон Зокирова ҳам ҳокимлик биноси олдидан қочиб Тешиктошга, Қирғизистон чегараси яқинида ҳарбийлар томонидан тинч аҳолининг ўққа тутилиши ҳолатини гапирганда Гитлер номини тилга олган эди.

“Энг алам қиладигани, немис Гитлер ҳам оқ байроқ кўтарганларни (қочаётган кишиларни) отмаган. Унда (Тешиктошда) отди. Тўрт боламни ўртага қўйиб қасам ичиб айтаман, отди”, - деган эди М.Зокирова.

Андижон шаҳри солиқ инспекцияси бошлиғи, марҳум Адҳамжон Раҳмоновнинг умр йўлдоши Умида Раҳмонова судда жабрланувчи сифатида кўрсатма берар экан, судланувчиларга қараб: “Агар менда ҳуқуқ бўлганида, буларнинг ҳаммасини фарзандлари билан йўқ қилиб юбориш керак”, - деди.

Акрамийларга қарашли фирмада боғбон бўлиб ишлаган, 23 майдан бери ҳибсда сақланаётган Шукуржон Қўчқоровнинг сўзларига кўра, хориж радиолари журналистлари 23 акрамийнинг судини батафсил ёритган. Бу ерга келган одамларга пакетларда совғалар тарқатилган.

Ш.Қўчқоров акрамийлар майдонга кирган одамларни қайтиб ташқарига чиққани қўймагани, улар қўлларини занжир қилиб, қуролланган ҳолда атрофни ўраб турганини таъкидлади.

4 октябр куни гувоҳлик берган Дилшодбек Мамажонов эса ўша куни одамлар митингга эркин равишда кириб-чиқиб турганини айтган эди.
XS
SM
MD
LG