Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 00:37

Қозоғистонда ҳам мухолифат нашрларига осон эмас


Қозоғистонда гарчи мухолифатдаги нашрлар мавжуд бўлса-да, уларда фаолият кўрсатишнинг ўзига яраша қаттиқ синовлари бор. Туркистонлик мустақил журналист Бобораҳим Кенжақораев “Озодлик” мухбири билан суҳбатда айни шу нашрларда ишлаш машаққатлари тўғрисида гапирди.

Унинг маълум қилишича, 1997 йилдан буён мухолифат газеталарида ишлайди. Шу вақт мобайнида у ишлаган газеталар 4 марта ёпилган, 8 марта судга тортилган.

“Авваллари “21 аср”, “Республика”, “Қозоғистон”, “Сўз” газеталари бўларди, қани улар? Ҳаммаси ёпилиб кетди. Мухолифатнинг ҳозир чиқаётган “Свобода слова”, “Эпоха”, “Жума таймс” газеталари янги нашрлар ҳисобланади. Уларда ишлаётган журналистларнинг барчаси илгари ёпилган газеталар ходимларидир”, деди Б.Кенжақораев.

Журналистнинг таъкидлашича, Ўзбекистон ёки Марказий Осиёнинг бошқа мамлакатлари билан солиштирганда Қозоғистонда сўз эркинлиги бор. Бироқ Европа ёки Америка давлатлари билан солиштирганда мамлакатда сўз эркинлиги бўғилган, дейиш мумкин.

“Қўшни давлатлардаги ҳамкасбларимиз бизга ҳавас қилади, - дейди Б.Кенжақораев. - Сизда сўз эркинлиги бор, мухолифат газеталари нашр қилинади, дейди. Билишмайдики, бу газеталар қандай қийинчиликлар, хўрлик ва камситилишлар эвазига нашр қилинади. Бизда демократия йўқ. Фақат ҳукуматни мақтасангизгина газета узоқ яшаши мумкин. Акс ҳолда газетани тақиқлаш йўллари топилади. Босмахоналар қўрққанидан мухолифат газеталарини чоп этишдан бош тортади. Бунақа ҳолатлар бизда тез-тез бўлиб туради”.

Журналистнинг айтишича, мухолифат нашрларида ишловчи қаламкашларга нисбатан тазйиқлар ҳам кузатилади. Унинг ҳаётига ҳам бир неча марта суиқасд қилишга уринишлар бўлган. Бу ҳақда прокуратура, ички ишлар органларига мурожаат қилган. Лекин ҳеч қандай жавоб олмаган.

“Кейинги икки йил ичида икки марта шифохонага тушдим. Номаълум шахслар томонидан ҳаётимга тажовуз қилинди. Буларнинг орқасида кимлар турганини жуда яхши биламан. Мен мустақил журналистман. Ҳар доим ҳақиқатни ёритганман. Ҳукуматга эса бу ёқмайди. Чунки ҳукумат талаби - журналист фақат уларни мақташи керак”, - деди Б.Кенжақораев.

Журналистнинг билдиришича, Жанубий Қозоғистон вилояти газета ва журналлар, телеканалларнинг кўплиги жиҳатдан мамлакатда биринчи ўринда туради. Бироқ уларнинг ҳам ўзига яраша муаммолари бор.
XS
SM
MD
LG