Линклар

Кобулда ўзбекча газета чиқа бошлади


Олим Кўҳкан Афғонистон пойтахти Кобул шаҳрида ўзбек тилидаги илк газета чоп этила бошлади. “Билги” номли ушбу мустақил нашр ҳафтада бир марта чиқади.

Ўзбек тили ўзбеклар яшайдиган вилоятларда расман учинчи давлат тили ҳисобланади. Гарчи қонунларда давлат мамлакатдаги этник гуруҳларнинг маданияти, адабиёти ва тили ривожи учун бор имкониятлардан фойдаланиши белгиланган бўлса-да, шу пайтгача мамлакатдаги этник гуруҳлар, жумладан, ўзбеклар маданий ҳаётини ўстириш сари деярли амалий қадам қўйилмаган.

“Билги” газетаси Кобулдаги ўзбек журналистлари ва университет талабалари ташаббуси билан ташкил этилди. Газета бош муҳаррири Ҳамидулла Дотошнинг сўзларига кўра, газета ҳафтада бир марта тўрт саҳифада рангли чоп этилади. Газета Кобул ва ўзбеклар яшайдиган саккиз вилоят ҳудудида тарқатилади. Ҳафталикда диний, адабий, илмий, ижтимоий, сиёсий мавзулар ёритиб борилади.

Зиёли муҳандис Аминулла Интизорнинг айтишича, у Афғонистонда илк марта она тилида чиқа бошлаган газетани ўқиб, жуда севинган.

А.Интизор келажакда мамлакатда ўзбек тилида чиқадиган кундалик нашрлар кўпайиши ва улар Афғонистон матбуотида ўз ўрнини эгаллашига умид билдирди.

Минг нусхада чиқадиган “Билги” ҳафталиги Афғонистонда яшайдиган 6 миллион ўзбекнинг эҳтиёжини қондира олмаслиги табиий. Ушбу эҳтиёж эса мамлакатдаги ўзбек қаламкашларини ўз она тилларидаги газета ва журналлар сонини кўпайтиришга ундайди.
XS
SM
MD
LG