Линклар

logo-print

Маҳбуба Зокировага қарши кампания бошланди..ми?


Шайбон

14 октябрь куни Ўзбекистон Олий судида кўрсатма берган гувоҳ Маҳбуба Зокированинг сўзлари кенг муҳокамага сабаб бўляпти.

“Центразия” сайтида Баҳром Искандаров имзоси билан чоп этилган мақолада М.Зокирова берган гувоҳликни овоза қилаётган ОАВ танқид остига олинади. Б.Искандаров унинг назарида ўта муҳим бўлган, аммо хориж матбуоти эътибор қаратмаётган жиҳатга тўхталади: “Оддий уй бекаси шаҳар майдонида қуролли одамларни, ёнаётган машиналарни ҳамда одамларнинг гаровга олингани ва қанчалар калтакланганини кўрмаганини таъкидламоқда. Аммо Зокирова каскалик ҳарбийлар майдонни ўраб олган ва гўёки одамларни ўққа тутганини кўрган. Гапнинг очиғи, бундай ҳолатда тортишиш ҳам эриш туюлади. Наҳот, кўпчилик гувоҳлар айтиб ўтганидай, қон тўкилишининг олдини олиш мақсадида махсус йўл очиб берилмаганда, ҳуқуқ-тартибот органлари ва ҳарбийлар бу гуруҳни тўхтатиб қола олмасмиди?”

Муаллиф судья томонидан берилган саволга жавобдан сўнг маълум бўлган ҳолатлар кўп нарсани ойдинлаштирганини айтади. У бу ўринда гувоҳ икки қариндоши Руминияда эканини таъкидлагани ва айбловчининг бу оиланинг айрим аъзолари Андижон воқеаларига дахлдор экани ҳақидаги айтганларини мисол келтиради ҳамда бу гувоҳликни шубҳа остига олади.

“Айримлар эшитишни хоҳлаган нарсаларини эшитгани боис, шунақа овозалар қилмоқда”, - дейди Б.Искандаров.

Суднинг аввалидан ҳозиригача чиндан ҳам кўпчилик эшитишни хоҳлаган гаплар айтилгани, уларни бот-бот такрорлаб чиқишлар қилинаётгани бор гап. Зеро, Олий судда ҳамма бераётган бир хил кўрсатмага тескари гапларни айтган гувоҳ, сўзсиз, эътибор қаратишга арзийди.

Таниқли журналист Шароф Убайдуллаевнинг “Озодлик” мухбири билан суҳбатда айтган гаплари гарчи Б.Искандаровнинг мақоласи юзасидан бўлмаса-да, келтириб ўтишга лойиқ.

“Мен бу аёлнинг гаплари артистликдан йироқлигига тўла ишонаман. Унинг бирорта гапида сунъийлик бўлгани йўқ. Биз унинг жасоратига гард юқтирмаслигимиз керак. Бутун Ўзбекистон яланғоч рақс тушиб ётганида уни бизга худо юборди. Кўзингни оч, инсоф-диёнатинг борми, дея бизга элчи қилиб юборди”, - деди Ш.Убайдуллаев.

Ш.Убайдуллаев М.Зокирова берган кўрсатмалар хусусида бошланиши мумкин бўлган чиқишларга тўхталиб: “Биз 15 йил илгари Фарғона воқеаси бўйича кўп нарсага гувоҳ бўлганмиз. Қанча одам суд бўлган, қанчаси қамалган, қанча журналистлар фақат шу нарсаларни ёритгани учун орден-медаллар олган. Мана бугун улар ким бўлди? Худди ҳозирги ҳолат ўша вақтда ҳам бўлган”, - деди.
XS
SM
MD
LG