Линклар

Ироқнинг собиқ президенти Саддам Ҳусайн устидан бугун бошланган суд 28 ноябрга қолдирилди.


Суднинг биринчи куниёқ собиқ диктатор унга қўйилган инсониятга қарши жиноят содир этганлик айбини бутунлай инкор қилди. У суднинг бошланишида у ўз исмини айтишдан бош тортди ва бу менинг ваколатимга кирмайди, деди.
“Мен ҳаммангизга бўлган ҳурматимни билдирган ҳолда трибунал, деб аталаётган бу маҳкама олдида жавоб бермаслигимни билдирмоқчиман. Мен Ироқ президенти сифатида ана шу қонуний ҳуқуқимни сақлаб қоламан”, — деди судланувчи курсисига ўтирган Саддам Ҳусайн.
Саддам Ҳусайн билан бирга яна унинг 7 нафар сафдоши суд қилинмоқда. Улар 1982 йилда Дужейл шаҳрида оммавий тарзда шиа мусулмонларини қатл этганликда айбланмоқда.
“Хюман райтс уотч” инсон ҳуқуқлари ташкилоти расмийларидан бири Ричард Дикер бугун Рейтер агентлиги орқали баёнот берди.
“Менимча, Саддам Ҳусайннинг адолатли тарзда суд қилиниши жуда муҳим. Баас партияси бошқаруви вақтида Ироқда даҳшатли жиноятлар содир этилган. Ана шу жиноятлар учун масъул бўлган режим раҳбарияти суд олдида жавоб бериши шарт. Шунда адолат қарор топади”, — деди “Хюман райтс уотч” инсон ҳуқуқлари ташкилоти расмийси.
XS
SM
MD
LG