Линклар

logo-print

Шайбон Маълумотларга кўра, руҳий касалликлар шифохонасида сақланаётган инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Елена Урлаева суд қарорига асосан 20 октябрдан эътиборан мажбурий муолажа олишни бошлаши керак.

Шифохона ходимларидан бирининг “Озодлик” радиосига маълум қилишича, Е.Урлаеванинг қандай муолажа олишини аниқлаш учун у анализлар топшириши керак. Лекин у шифокорлар кўригидан ўтишга қатъий қаршилик кўрсатмоқда. Бунга ундаги кучли қўрқув ва шифокорларга ишонмаслик сабаб бўляпти. Шунга қарамай, зарур бўлса, Е.Урлаевага тиббий муолажа қилинади, акс ҳолда эса йўқ.

Шифокор Е.Урлаевани заҳарлаш, махсус дорилар ёрдамида руҳиятига таъсир ўтказишга уринишлар ҳақидаги гаплар ҳақиқатдан йироқлигини таъкидлади ва гапининг исботи тариқасида яқинда ҳуқуқ ҳимоячиси билан АҚШ элчихонаси ва “Ҳьюман райтс уотч” ташкилоти вакиллари ҳамда адвокат учрашганини қўшимча қилди.

“Ҳьюман райтс уотч” ташкилотининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси вакиласи Алисон Гилл хоним 19 ва 20 октябрь кунлари руҳий касалликлар шифохонасида бўлганини тасдиқлади. Унинг билдиришича, Е.Урлаева ўзини бардам тутмоқда. Аммо Чуқурсойда ўтказган икки ойдан сўнг у ўзини анча олдириб қўйган, кайфияти ҳам бирмунча тушкун.

А.Гилл хонимнинг қўшимча қилишича, ҳуқуқ ҳимоячисининг ёнига адвокати ҳам киритилган. Бироқ суд мажбурий даволаш ҳақида қарор чиқараётган пайтда унинг ёнида ўз адвокати бўлмаган, балки давлат адвокати бўлган. Ўз адвокати ҳатто бу суд ҳақида огоҳлантирилмаган. Шуниси қизиқки, Е.Урлаева давлат адвокатини умуман танимайди. Илгари у билан учрашмаган ҳам.

Е.Урлаеванинг адвокати Виталий Красиловский суд қарори юзасидан апелляция шикояти тайёрлаётганини маълум қилди. У ҳуқуқ ҳимоячисига шифокорлар берган кўрсатмаларга амал қилишни тавсия этганини таъкидлади.

А.Гиллнинг фикрича ҳам ҳозир шифокорлар билан тортишишнинг ҳожати йўқ. Бу Урлаевага зарар келтириши мумкин. Чунки шифохонада унинг ўзини ҳимоя қилиш имконияти у қадар катта эмас.

“Е.Урлаева шифохонада ярим йил давомида ушлаб турилиши керак бўлади. Кейин уни шифохонадан чиқариш-чиқармаслик масаласини махсус комиссия ҳал қилади. Шифокорлар Е.Урлаева муолажага муҳтож эмас, деб хулоса берган тақдирда ҳам у шу муддатгача қўйиб юборилмайди. Бу мамлакат қонунларидаги энг даҳшатли ҳолатлардан биридир”, - деди А.Гилл.

Е.Урлаева 27 август куни Тошкент шаҳрининг Сирғали туманида ҳибсга олинган. Унга Жиноят кодексининг 215-моддаси (давлат рамзларига ҳурматсизлик қилиш) бўйича айблов эълон қилинган.
XS
SM
MD
LG