Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 13:12

Экспортга жўнатишга газ бор, халққа беришга келганда йўқ…ми?


Фирдавс Қашқадарё Ўзбекистон газ саноатининг асосий базаси ҳисобланади. Шунга қарамай, вилоятда шундоққина “газ устида ўтириб”, табиий газ бормаган ёки унинг танқислиги жуда сезиладиган қишлоқлар кўп.

Қарши туманидаги Чўлбўстон қишлоғи ҳудудида бир неча газ ва нефть кони бор. Шундай бўлса-да, қишлоқ аҳли табиий газ танқислиги муаммосига дуч келяпти.

“Қишлоқда 7-8 ойдан буён газ йўқ. Аҳолининг турмуши жуда қийинлашган. Қишлоғимиздан бир километр масофада газ кони бор. Лекин ўзимиз газга ёлчимаймиз”, - деди чўлбўстонликлар.

Аҳоли мазкур муаммо юзага келишига соҳа раҳбарларининг эътиборсизлиги ҳам сабаб бўлаётганини таъкидлади. Чўлбўстонликларнинг айтишича, мутасадди раҳбарлар аҳоли муаммолари билан бирор марта қизиқиб кўрмаган.

Қишлоқ фуқаролар йиғини раиси Ҳамро Гулматовнинг сўзларига кўра, 2005 йил майдан буён Чўлбўстонга табиий газ умуман етиб келмаяпти. Мутасадди ташкилотлар, жумладан, туман газ корхонаси раҳбарига қилинган бир неча мурожаатлар натижа бермаган.

“Алам қиладигани шуки, бу ердан қазиб олинаётган газ дунёнинг нариги чеккасига етиб боради, аммо бизга қолганда газ йўқ”, - деди чўлбўстонликлардан бири.

Вилоят газ идораси раҳбарлари табиий газ етишмовчилиги муаммосидан бехабар эканини, бу ҳудудда газ муаммоси бўлиши мумкин эмаслигини таъкидлаяпти.

Қарши туманида жойлашган Чўлбўстон қишлоғига табиий газ Нишон туманидан келади. Мазкур туман газ таъминоти идораси муҳандиси Илҳом Саидовнинг билдиришича, қишлоққа газ келадиган қувур фойдаланишга топширилганига 20 йилдан ошган бўлиб, у жуда эскириб, тешилиб қолган. Газ босими кам бўлгани учун сув сизиб кириб, қувурларни тўлдириб қўймоқда. Шу каби сабаблар туфайли тумандаги Оқолтин ва Ширинобод қишлоқларига ҳам газ етиб бормаяпти. Қиш мавсумида бу қишлоқлар табиий газсиз қолиши ойдинлашяпти.

Кузатувчилар табиий газ танқислиги вилоятнинг барча ҳудудларида мавжудлигини айтмоқда. Уларнинг эътирофича, бунга сабаб газ захиралари камайиб бораётгани ва газнинг асосий қисми экспортга жўнатилаётганидир.
XS
SM
MD
LG